Янгиликлар
ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТИ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ!
Фуқаро Ш.Т. 2015 йил 1 майдан бошлаб Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг суд-биология эксперти сифатида ўриндошлик асосида фаолият кўрсатган ва меҳнат шартномасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ жорий йилнинг 4 январь кунидан 1,0 ҳисса ишга ўтказилган.
Бироқ Ш.Т.нинг 2020 йил 7-10 январь кунлари сабабсиз ишга келмаганлиги ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ходим ички меҳнат тартиб-қоидаларини бир неча марта қўпол равишда бузганлиги сабабли маъмурият ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан 2020 йил 28 январдаги буйруққа биноан у билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йилнинг 7 январидан бекор қилинган.
Мазкур ҳолатда, меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан белгиланган тартибда касаба уюшмасига мурожаат қилиниб, қўмитанинг 2020 йил 28 январдаги йиғилишида ушбу масала кўриб чиқилиб, меҳнат шартномасини маъмурият ташаббуси билан бекор қилишга розилик берилган, бироқ иш берувчи томонидан тегишли буйруқни расмийлаштиришда қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, ишдан бўшатишга асос бўлиб хизмат қиладиган касаба уюшмасининг розилиги 2020 йил 28 январда тақдим қилинган бўлиб, меҳнат шартномаси ҳам шу ҳужжатга асосан жорий йилнинг 28 январида бекор қилиниши лозимлигига қарамасдан, шартнома ғайриқонуний равишда 2020 йил 7 январь куни билан бекор қилинган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 101-моддасида қайд қилинганидек, “Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олмай туриб, шартномани бекор қилишга йўл қўйилмайди”дейилган.
Қолаверса, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали бошлиғи томонидан ходим Ш.Т. билан ўрталаридаги меҳнат шартномаси бекор қилинган санада яъни 2020 йил 7 январда касаба уюшмаси қўмитасининг бу хусусда тегишли розилиги мавжуд эмас, демак ушбу ҳолатда филиалнинг 2020 йил 28 январдаги буйруғи бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилиши шарт.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали бошлиғи номига киритилган тақдимномага асосан филиалнинг 2020 йил 28 январдаги буйруғи бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилди.
Ходимини шошма-шошарлик билан ишдан бўшатиб, қонунбузилишига йўл қўйган марказнинг Бухоро филиали бошлиғи вазифасини бажарган Ф.Т. маъмурий жазога тортилиб, жарима тўлашга мажбур бўлди.
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ, Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи