Янгиликлар
Меҳнат мажбурийликдан ҳоли бўлиши зарур!
Мажбурий меҳнат бу иш жазо таҳдиди остида бўлган шахсдан талаб қилинадиган, уни бажариш учун ўз ихтиёри билан бўлмаган ҳар қандай иш ёки хизматдир. Бундай мажбурлаш давлат ҳокимияти органлари, хусусий корхоналар ёки ҳар қандай шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, мажбурий меҳнат тушунчаси дунёнинг минтақасидан қатъи назар, иқтисодий фаолиятнинг барча турларида юзага келиши мумкин бўлган мажбурий меҳнатнинг кенг усулларини қамраб олади.
Мажбурий меҳнат кўплаб шаклларга ега бўлиши мумкин, шу жумладан одам савдоси ва қулай меҳнат шароитларини яратиб бермаслик бошқалар. Унинг қурбонларини фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурланган аёллар ва қизлар, замонавий қулликка мажбурланаётган муҳожирлар ёки ноқонуний меҳнат мигрантлари ташкил этмоқда. Бутун дунёда мажбурий меҳнат ҳолатлари оммавий равишда қораланишига қарамай, ушбу қабиҳлик камаймаяпти, аксинча йилдан йилга ошиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг статистик маълумотларига кўра одам савдоси ва мажбурий меҳнат бутун дунё бўйича 20,9 миллион кишининг ширин ҳаётига таъсир этиб бўлган ва энг ачинарлиси уларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлардир. Миграция натижасида мажбурий меҳнат қурбонига айланган одамлар юзасидан мутахассисларнинг статистик ҳисоботларига назар соладиган бўлсак, дунёда мажбурий меҳнатнинг 9,1 миллион қурбонлари муҳожирлардир, 11,8 миллион киши эса ўз яшаш жойида мажбурий меҳнат қурбонлари ҳисобланишади.
Мажбурий меҳнатнинг алдов йўли билан ишлатиш тарзидаги кўриниши асосан Лотин Aмерикасининг кўплаб мамлакатларида, қуллик кўриниши эса Aфриканинг айрим қисмларида кузатилмоқда. Жумладан, кўпгина мамлакатларда уй ишчилари мажбуран меҳнат шароитига тушиб, улар кўпинча иш берувчиларнинг уйида зўравонлик ёки таҳдид остида ушлаб турилади. Хусусан, бу турдаги ҳолат жанубий Осиёда сурункали ҳодиса бўлиб, у ерда миллионлаб эркаклар, аёллар ва болалар қарздорлик ва бошқа сабаблар юзага келган. Европа ва Шимолий Aмерикада ва араб давлатларида кўпроқ аёллар жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси қурбонига айланмоқдалар.
Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда ушбу глобал муаммо халқаро ҳамжамият эътиборини тобора кўпроқ жалб қилиб, бир қатор давлатлар билан ҳамкорлик ривожланмоқда. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан давлатларнинг ушбу муаммога эътиборни жалб қилиш ва тегишли ҳужжатларни ратификация қилишга кўмаклашиш, мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар, ҳаракатлар режалари ва миллий ва минтақавий органларнинг имкониятларини кучайтириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва айбдорларни жазолаш, адолатли меҳнат амалиёти ва миграцияни тўғри йўлга қўйиш, мажбурий меҳнатнинг асосий сабабларини бартараф етиш бўйича ишлаш, мажбурий меҳнат қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга реабилитация имкониятларидан фойдаланиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишмоқда.
Ўзбекистон ҳам ҲМТ га аъзо давлат сифатида, бугунги кунгача ушбу Ташкилотнинг 14 конвенциясини ратифицикация қилган, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада оширди. Хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳити изчил ривожлантирилди.
Дарҳақиқат, юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда. Сир эмаски шундай бўлса-да, ҳудудларда тизимли бўлмаган қонун бузилишлари ҳам учраб турибди. Адлия органлари ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан вазиятни мухтасар ўрганилиб, қонунбузар шахсларга тегишли чоралар кўрилмоқда.
Зеро, мамлакатимизда қонун устуворлигини, хусусан, фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини қатъий таъминлаш мақсадида айни карантин пайтида мажбурий меҳнат шаклларининг олдини олиш барча фаоллик кўрсатиши, соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ишонч телефонлари орқали хабар бериш лозим ҳисобланади. Иш берувчилар эса ўз вақтида ходимларининг барча соҳадаги, хусусан, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, ҳар бир муассасада ходимларнинг меҳнат шартномаси асосида аниқ белгиланган хизмат вазифалари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб қўйилганлигини эслатган ҳолда, улардан ушбу йўналишдаги ҳуқуқий маданиятларини янада ошириш ва миллий ҳамда халқаро меҳнат стандартларига қатъий амал қилишни ёддан чиқармасликлари сўралади.
Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими етакчи маслаҳатчиси Мухлис Музаффаров