Янгиликлар
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ.
Бугунги кунда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб таҳлилига кўра дунёда 21 миллионга яқин одам турли алдов ва мажбурлов натижасида мажбурий меҳнат қурбонлари бўлиб, ҳар минг кишидан учтаси мажбурий меҳнатга дучор бўлмоқдалар. Ушбу ҳодисанинг кенг тарқалиши айниқса Мажбурий меҳнат қурбонлари сони Марказий ва Жануби-Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатларида, шунингдек Aфрикада енг юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳар 1000 кишига 4,2 ва 4,0 кишини ташкил етмоқда.
Статистик маълумотларга кўра 18,7 миллион киши (90%) хусусий секторда корхоналар томонидан эксплуатация қилиниб, ушбу тоифанинг 4,5 миллион нафари (22%) жинсий эксплуатация мақсадида, 14,2 миллион нафари эса қишлоқ хўжалиги, қурилиш, маиший меҳнат ва ишлаб чиқариш каби соҳаларда мажбурий меҳнатга жалб этиладилар. Қолган 2,2 миллион нафар мажбурий меҳнат қурбони эса айрим давлатлар томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг белгиланган талабларига жавоб бермайдиган шароитларда фуқароларни ишлатиши натижасида юзага келган. Ҳудуд миқёсида олиб қараладиган бўлсак мажбурий меҳнат ҳолатининг нисбатан юқори даражада тарқалиши Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси давлатларида кузатилган.
Мазкур глобал муаммога қарши кураш одам савдосининг олдини олиш ва ўзаро миграцияни тартибга солиш борасида бир қатор давлатлар ўзаро ҳамда ХМТ билан ҳамкорликда ижобий ишлар амалга оширмоқдалар. ХМТнинг мажбурий меҳнатга йўналтирилган дастури директори Беате Aндрееснинг сўзларига кўра “Ижобий натижалар мавжуд: бугунги кунда аксарият давлатлар ўзларининг қонунларига мажбурий меҳнат, одам савдоси ва қулликка ўхшаш амалиётларни жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида белгилайдиган қоидаларни киритмоқдалар”, Бугунги кунда мажбурий меҳнат ёки шунга ўхшаш жиноятлар, масалан, одам савдоси билан боғлиқ ишларни аниқлаш ва жиноий жавобгарликка тортишга кўпроқ еътибор қаратиш лозимдир.
Дарҳаҳиқат, мамлакатимиз ҳам ҲМТга 1992 йилдан аъзо бўлиб, бугунги кунгача ушбу Ташкилотнинг 14 конвенциясини ратифицикация қилган ва Охирги йилларда, Ўзбекистоннинг Ҳалқаро Меҳнат Ташкилоти билан биргаликдаги алоқалари кучайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилиб, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда ўтказилган Cotton Compaign коалицияси йиғилишида иштирок этди ва ушбу ташриф натижасида АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар мажбурий меҳнатига чек қўйилганига ижобий баҳо берилди, Президентнмизнинг 2019 йил 30 июль куни “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сон Фармони қабул қилинди ва фармонга мувофиқ Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги вазият ҳақида президентга ҳар йили ахборот бериб бориши белгиланди.
Шунингдек, мажбурий меҳнатга қарши кураш мақсадида 2020 йил 22 январдаги Ўзбекистон Қонунига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси билан, эндиликда меҳнатга бирон-бир шаклда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, агар худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, 70 баравардан 100 бараваргача миқдорда жарима солиниши белгиланди. Шунингдек Жиноят кодексининг 148-1-моддасига кўра Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши ҳамда 148-2-моддасига кўра Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно,) худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан агар худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра айни пайтда мазкур соҳага оид ҳар бир ҳолат диққат билан ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъулларга нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиб ўтиш керакки, юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар олиб борилаётган даврда, ҳар биримиз одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича фаол бўлишимиз даркор.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Б.Нишонов