Янгиликлар
Одам савдоси – аср муаммоси
Асримизнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган одам савдоси жиноят сифатида дунёнинг кўплаб мамлакатларида эътироф этилган. Одам савдосига нисбатан жиддий ёндашиш аслида ҳам шу даражада муҳимми?
Албатта, чунки бу инсоният эркинлигини бузувчи, ҳақ-ҳуқуларини топтовчи жиноят ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб одам савдосига қуйидагича таъриф бериш мумкин:
Куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади;
Масаланинг қанчалик жиддийлигини, кўлами жуда кенглигини эътироф этиш аҳамияти жиҳатидан бу фаолият Ўзбкистон Республикаси ҳудудида жиноят сифатида таъқиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси Одам савдоси тўғрисида.
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;
г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;
д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;
и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;
к) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Одам савдосига қарши кураш тўғрисидаги қонуннинг 5 моддасига кўра,
Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бўйича белгиланган вазифаларга ва шунингдек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича фаолиятни муовфиқлаштириш бўйича, “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда — Миллий комиссия) этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби ҳам маълум ўзгаришларга учради.
Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланадиган бўлди:
давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.
Бундан шуни англаш мумкинки, одам савдосига қарши курашиш бундан кейин ҳар қачонгидан-да муросасиз давом эттирилади.
Шофиркон туман адлия бўлими бошлиғи Шариф Ражабов