Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдеворидир


Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Унинг қоидалари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш тамойилларини, балки ижтимоий-иқтисодий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беради. Хусусан, ҳозирда мамлакатимизда карантин жараёни жорий қилинганлиги сабабли аҳоли орасида меҳнат низоларининг келиб чиқиши табиий, гарчи қонун ҳужжатларида карантин инобатга олинган ҳолда баъзи вақтинчалик тартиблар жорий қилинган бўлсада, айрим раҳбар ходимлар томонидан ўз ходимларига нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида эслатиб ўтишимиз лозим, Конституциясимизнинг 37-моддасида хар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши белгилаб ўтилган.
Меҳнат муносабатларининг конституциявий ҳуқуқий тартибга солиниши ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, у ўзининг асосий қоидаларини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш имкониятини яратади.
Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидага қатъий амал қилиш учун йил давомида бир қатор ишлар бажарилди. Хусусан, таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар республикамизнинг барча ҳудудларига чиқиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича назоратни амалга оширмоқдалар. Охирги 3 йиллик мобайнида бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чиқариш қатъиян тақиқланди. Пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди.

Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳолатига қонун билан таъқиқ қўйилиб, аниқ жавобгарлик чоралари кучайтирилди, жумладан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга, агар худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, юртимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида халқаро майдонда ижобий имижини олға суриш ва давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда — Миллий комиссия) этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби ҳам маълум ўзгаришларга учради яъни қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланадиган бўлди:

давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари:

фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олсинлар ва бунга чек қўйишлари;

фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўришлари;

мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан тегишли ахборотни жавобгарлик чораларини қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига зудлик билан етказишлари белгиланди, истисно сифатида

а) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади:

умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда;

ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилиши;

ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши;

б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этиши белгиланди.

Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланиши белгилаб олинди.

Мухтасар айтганда, демократик тараққиётимизнинг кафолати бўлмиш бош қомусимизга асосан улкан меҳнат, машаққатлар эвазига мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратиш давлатимизнинг энг устувор вазифаларидандир.


Шофиркон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Шохрух Саидов