Янгиликлар
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ АҲАМИЯТИ
Халқ ҳокимиятчилиги принципи Конституциямизнинг асосий принципларидан биридир. Жумладан, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу каби иштирок этиш йўлларидан бири – давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир.
Ҳаётимизда назоратнинг жуда кўп турлари учрайди. Булар прокурор назорати, маъмурий ва молиявий назорат, божхона, солиқ назорати ва ҳоказо. Савол туғилади, жамоатчилик назоратининг булардан нима фарқи бор?
Жамоатчилик назоратининг бошқа назорат турларидан асосий фарқи шундаки, жамоатчилик назоратининг объекти – давлат органлари фаолиятидир.
Бу жиҳатлар 2018 йил 13 апрелда кучга кирган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда тўлиқ очиб берилди. Қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Жамоатчилик назорати одатда профессионал, тизимли, махсус малака талаб қиладиган, ихтисослашган назорат ҳисобланмайди. Мазкур назорат ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади. Жамоатчилик назорати бошқа назорат турларидан ўзининг субъектлари билан фарқланади. Бошқа назорат турларида давлат органи мансабдор шахс бўлиб, махсус маълумотга эга шахслар муайян тартибга солинган тартиб-таомилларга риоя қилган ҳолда назоратни ўтказади ҳамда бу назоратни ўтказиш мажбурий. Жамоатчилик назоратида эса фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари қатнашишлари мумкин. Улар ихтиёрий равишда, очиқ, ошкора жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Яна бир ҳолатни кўздан қочирмаслигимиз лозимки, айримлар «Фуқаро сифатида қонун менга имкон берди, энди бемалол хоҳлаган давлат органини бориб назорат қиламан», деган тушунчага бормаслиги лозим. Қонуннинг 5-моддасида белгиланган асосий принципларда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун назорат қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, оммавий ва очиқ, холис ва беғараз, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувга ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўймасдан ўтказилиши зарурлиги белгилаб қўйилди. Ушбу талабларга риоя қилмаслик жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, деб ҳисобланиши мумкин.
Мазкур назорат ўз натижалари билан бошқа назорат турларидан фарқланади. Жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса, маълумотнома шаклида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда якуний ҳужжат тайёрланиши мумкин. Яъни давлат назоратидан фарқли ўлароқ якуний ҳужжат тайёрлаш мажбурий эмас. Якуний ҳужжат ахборот ва тавсия хусусиятига эга бўлади. Унда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинади.
Бунда давлат органи жамоатчилик назорати натижасида тайёрланган ҳужжатни бажаришга эмас, балки кўриб чиқишга мажбур ҳисобланади.
Қонуннинг 6-моддасида жамоатчилик назоратининг 8 та шакли аниқ равшан белгилаб қўйилди. Бу шаклларга давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиши кабилар киради. Жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам шулар жумласидандир.
Қонунда назорат шаклларини амалга оширишда жамоатчиликка алоҳида урғу берилмоқда. Бу эса коллегиалликни, ташкилий уюшганликни талаб этади. Қолаверса, бу масала моҳиятини тушунмаган одамлар томонидан турли хил суиистеъмолликларга йўл қўймасликнинг олдини олишга қаратилган.
Лекин, бу жиҳат, фуқаро жамоатчилик назоратида иштирок этмайди, дегани эмас. Ушбу назорат шакллари очиқ, ошкора ўтказилади. Унда муҳокама этилаётган масала ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ёки дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахслар иштирок этиши, ўз фикрини эркин билдириш ва таклифлар киритишга ҳақли.
Қонуннинг энг муҳим қисмини жамоатчилик назорати субъектлари ва давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил этади. Чунки ҳар қандай муносабатда ҳуқуқ ва мажбурият муносабатнинг асосини ташкил қилиб, ундан жавобгарлик келиб чиқади.
Қонунда жамоатчилик назорати субъектларининг тадбирлар ўтказиш ташаббуси билан чиқиш, зарур бўлган ахборотни давлат органларидан сўраб олиш, назорат натижаларига кўра таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш ҳамда уларни тегишли органларга кўриб чиқиш учун юбориш, тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш, судга шикоят қилиш, жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилиш каби ҳуқуқлари мустаҳкамланган.
Экспертлар фикрича, жамоатчилик назорати давлат назоратидан фарқли равишда асосий мақсади, кимнидир жазолаш эмас, балки қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, дастурларда жамоатчилик манфаатлари, фикрини ҳисобга олдириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатларининг ҳимоясини, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни, давлат хизматларини самарали кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.
Жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилиш чораси ҳам ривожланган демократик давлатлар тажрибасида қўлланиладиган ижтимоий-сиёсий таъсир воситаси ҳисобланиб, тегишли мансабдор шахслар фаолияти жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга, танбеҳларга сабаб бўлади.
Маълумки, ҳуқуқ бўлган жойда мажбурият ҳам бўлади. Шу маънода жамоатчилик назорати субъектларининг қонун ҳужжатлари талабларига, қонунда белгиланган, давлат органларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик, давлат органларининг фаолият кўрсатиши, шунингдек, мансабдор шахсларнинг фаолияти учун тўсиқлар яратмаслик, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик каби мажбуриятлари ўз ифодасини топган.
Қонунни қабул қилиш ишнинг бир қисми, қолгани унинг ижросини таъминлашдир. Қонунда кўрсатиб ўтилган жамоатчилик назорати шакллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш зарур.
Қонун ижросини самарали таъминлашда 2018 йил 4 майда тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг ўрни ва роли жуда муҳим. Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Президентни мунтазам хабардор қилиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, масъул институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик назоратининг қонуний асослари яратилгани жaмиятнинг дaвлaт билaн ўзaрo сaмaрaли aлoқaсини тaъминлaшда муҳим асос бўлди. Бу oдaмлaрнинг кaйфияти, мaмлaкaтдa кeчaётгaн ўзгaришлaргa мунoсaбaтини aниқлaш, жaмиятдa мaнфaaтлaр мувoзaнaтини тaъминлaш ғоясини изчил амалга оширишга хизмат қилади.
Пешкў туман адлия бўлими бошлиғи Ахтам Умаров