Янгиликлар
МИГРАНТЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
БМТ кўп сонли мамлакатлардан миллионлаб одамлар жалб этилган ташқи меҳнат миграцияси ҳодисасининг аҳамияти ва кўламини тан олмоқда. Ушбу кенг кўламли ҳодисани эътиборга олиб, халқаро ҳамжамият универсал концепцияларни қабул қилиш йўли билан меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари билан муомалада бўлиш борасида халқаро-ҳуқуқий тамойиллар ва меъёрларни ўрнатишга интилмоқда. Шундай ҳужжатлардан бири 1990 йил 18 декабрда Бош Ассамблеянинг 45/158 резолюцияси билан қабул қилинган Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция ҳисобланади.
Ўзбекистонда уч йил давомида илк бор меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги хусусий агентликлар томонидан амалга оширилмоқда.
Ушбу соҳада мамлакат фуқароларининг хорижда меҳнат фаолиятини юритиш бўйича ўз ҳуқуқларини амалга оширишга ёрдам кўрсатиш мақсадида шу йилнинг август ойида қабул қилинган иккита муҳим ҳужжатга эътибор қаратиш зарур: Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори.
Ўз моҳиятига кўра, Президент ва Ҳукуматнинг кўрсатиб ўтилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари билан қамраб олиш кўламини кенгайтиради, фуқароларимизни хорижда ва Ватанимизда уюшган тарзда ишга ёллаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини амалга ошириш ва ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш йўлларини белгилайди.
Қабул қилинган ҳужжатлар моҳиятан фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши, шунингдек, Ватанга қайтганларидан сўнг жамиятга қўшилишини таъминлаш, меҳнат мигрантларининг Ўзбекистондаги оилаларига ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республикамизнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни амалга оширишда кучли рағбат бўлмоқда.
Илк бор хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда, уларга кредитлар, микроқарзлар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш учун субсидиялар берилмоқда.
Давлат бошқаруви органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ҳамда уюшган миграция, мигрантларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, уларга моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, турдош масалаларни ҳал қилиш бўйича бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси ташкил қилинди.
Ушбу комиссия зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юкланди:
ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини ташкиллаштириш, ушбу соҳага оид миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;
Ўзбекистон фуқароларига уларнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини, шунингдек, Ватанга қайтганларидан сўнг жамиятга қўшилишини таъминлаш;
давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қилинган ишлар бўйича ҳисоботларини тинглаш, шу асосда уларни рағбатлантириш ёки жавобгарликка тортиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ишларнинг аҳволини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда унинг якунлари бўйича меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, молиявий ва моддий кўмаклашиш воситаларининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳар олти ойда камида бир марта меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Республика комиссиясига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди.
Республика комиссиясининг муҳим вазифаларидан бири хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан ташқи миграция масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномаларга қўшилиш (ратификация қилиш) бўйича таклифларни кўриб чиқишдан иборат.
Мустақил ривожланиш йиллари давомида мамлакатимизда ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама асосда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали ташқи меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнини тартибга солиш бўйича бир қатор ҳукуматлараро битимлар амал қилади, айниқса, республика фуқароларини РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ишга ёллаш ва жалб қилиш ишлари устувор аҳамиятга эга. Шу мақсадда 2017 йилдан бошлаб икки давлатнинг меҳнат вазирлари бошчилигидаги Ўзбекистон – Россия ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Бошқа мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли асосда шундай ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти ва ҳукумати томонидан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қабул қилинган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларнинг халқаро талабларга мувофиқ ҳимояланишига кўмаклашади. Ушбу муҳим масалада устувор эътибор хорижий иш берувчиларнинг меҳнат шароитлари ва иш ҳақи, ижтимоий пакет ва бошқа муҳим мезонлар кўрсатилган олдиндан бериладиган буюртмалари асосида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ёллаш ва жалб қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилган.
Ушбу ҳужжатлар ташқи меҳнат фаолияти иштирокчиларини ишга жойлашиш ҳужжатлари ва республиканинг ушбу соҳага оид халқаро шартномалари билан кенг танишиб чиқиши зарурлигини тақозо этади. Бунда, хусусан, кириш ва чиқиш қоидалари, вақтинчалик меҳнат фаолияти амалга ошириладиган мамлакатда ҳаётни кўнгилли тарзда суғурталаш, фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) билан муомала қилиш қоидалари кўзда тутилади. Ўзбекистонда Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш бўйича хизматларни амалга ошириш ваколатига эга бўлган ушбу мамлакат органлари ва ташкилотларининг филиалларини (фронт-офисларини) очиш масаласи ўрганилмоқда. Шунингдек, Россия миграция марказлари ваколатхоналари негизида меҳнат мигрантларига виза-ҳужжатларга оид ёрдам кўрсатишга ихтисослашган марказлар ташкил қилинмоқда.
Ушбу масалага алоқадор бўлган барча турдош давлат ташкилотлари, республикамизнинг эксперт ва фуқаролик ҳамжамияти институтларининг тилга олинган Халқаро конвенцияга қўшилиш (ратификация қилиш), шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонуни талабларини ҳисобга олган ҳолда ташқи миграция соҳасига оид бошқа универсал ва ҳудудий конвенцияларга қўшилиш масаласини ишлаб чиқиш борасидаги ўзаро келишилган ва самарали ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти шуни кўрсатадики, бугунги кунда республика фуқароларининг хорижда ишга жойлашиш ҳуқуқи “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун қоидалари билан чегараланади.
Айни пайтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг барча жиҳатларини комплекс тарзда тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати, шунингдек, республика халқаро шартномаларида хориждаги вақтинчалик меҳнат фаолияти соҳасидаги меъёрлар мавжуд эмас. Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқадиган вазифалар ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, ушбу меъёрларни ташқи меҳнат миграциясини белгиловчи ягона қонунда тизимлаштиришга ёрдам беради.
Пешкў туман адлия бўлими бошлиғи Ахтам Умаров