Янгиликлар
БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНГАН
Мустақиллик йилларида биринчи Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратила бошланди. Барча соҳалар каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, халқимизнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умумбашарий қадриятлари асосида замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларига асосланган кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди.
Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
1989 йилда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.
Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.
Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.
Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалда бўлган қонунчилик Конституциямиз нормаларини Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.
Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал ҳужжати ҳисобланади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирраларини “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қамраб олган.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг энг асосий жиҳатларидан бири, унда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидаларнинг жам қилинганлигидир. Мазкур қонун ҳужжати Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олганлиги бежизга эмасдир.
Пешку туман адлия бўлими бошлиғи Ахтам Умаров