Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Карантин даврида тадбиркорлар учун солиқ соҳасидаги ўзгаришлар


    Бугунги кунда жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан, инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.

     Бу эса энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.

     Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади.

     Жорий йилнинг 20 март куни Президентимиз томонидан имзоланган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш, шунингдек, биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш; ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш; коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш; уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдириш каби вазифалар белгилаб берилди.

Демак, бугунги кундаги халқимиз учун синов бўлган коронавирус пандемиясига қарши кураш шароитида ҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да иқтисодиёт асосларига қарши жиноятларга йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. Фармонга кўра 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача:

-        якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилиши; алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилиши; умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилиши;

-        солиқ текширувларига бир йиллик мораторий эълон қилиниши ва яна кўплаб тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратиш назарда тутилган.

       Бугунги кунда давлатимиз тoмoнидaн иқтисодиётни ривожлантириш, кичик бизнес вa хусусий тaдбиркoрликни рaғбaтлaнтириш борасидa қулaй шaрoитлар ярaтилмoқдa.

      Албатта, бу шароитлардан унумли фойдаланиб ўзининг бизнесини йўлга қўйиш орқали халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун турфа хил маҳсулотлар ишлаб чиқараётган юртдошларимиз кўплаб топилади. Улар мамлакат саноатини юксалтиришга кўмак бериш билан бирга, республикамиз иқтисодиёти ривожига ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда.

     Лекин бaъзи шaхслaр мoддий наф кўриш, тaъмaгирлик мақсадлaридa сoхтa тадбиркорлик билан шуғулланиб, дaвлaтнинг иқтисoдий мaнфaaтлaригa зaрaр еткaзиш ҳoлaтлaри учраб турибди. Шу сaбaбли жинoят кодексининг 179-мoддaсидa сoхтa тaдбиркoрлик учун жaвoбгaрлик белгилaнгaн.

      Ҳукуматимиз фуқароларни мамлакатда коронавирус тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин даврида осойишталик билан тўғри йўл тутишга чақирмоқда. Мазкур вазиятни имконият деб билиб, ўз нафсини устун қўядиган, ушбу жараёнларда ўз юртдошларининг ҳамёнини “ўмаришга” уринаётган сохта “тадбиркор”ларнинг ҳар қандай қинғир иши албатта фош бўлиши аниқ.

Давлатимиз томонидан солиқ тўловчиларга кўплаб имтиёзлар берилган. Жумладан, солиқ юкини камайтириш борасида ишлар, солиқ тўлов шаклларининг соддалаштирилган тартиби жорий қилинганлиги, инсон омилига боғлиқ бўлмаган тарзда ҳалол солиқ тўловчиларга алоҳида яшил йўлаклар ташкил этилганлиги фикримизнинг исботидир.

     Коронавирус пандемияси даврида ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмининг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашуви кузатилмоқда.

Деярли барча давлатлар пандемияга қарши ўз рецептларини яъни кичик бизнес, хусусий тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилган фуқароларга беминнат грантлар, имтиёзли кредитлар, субсидиялар каби чораларни ишлаб чиқмоқдалар. Шу ўринда ҳукуматлар солиқ қоидаларини юмшатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.

    Коронавирус пандемияси каби инқирозли вазиятларда давлат солиқ қонунчилигининг ҳокимият ва бўйсуниш усулидан эмас, балки мувофиқлаштириш усулидан фойдаланган ҳолда чоралар ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади.

     Бундан ташқари, инқирозга қарши чоралар доирасида солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципининг кўламини кенгайтириш, инқироз пайтида иккала томонга ҳам фойдали натижаларни бериши мумкин. Бу принципга асосан солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Жорий йилнинг март ва апрель ойларида Президентимизнинг иккита Фармони билан солиқларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсирини олдини олиш борасида бир қанча имтиёз ва преференциялар белгилаб берилди. Ушбу имтиёзлар солиқ тўловчиларнинг ҳар бир гуруҳига яъни жисмоний ва юридик шахсларга татбиқ этилади.

     Дастлаб, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ юкини камайтириш бўйича берилган солиқ имтиёзлари ва енгилликларини ҳамда улар ихтиёрида қоладиган маблағларни Давлат солиқ қўмитасининг ҳисоб-китоблари асосида кўриб чиқамиз:

1.    Солиқ кодексининиг 31-моддасига кўра белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 000 сўм) 50 фоизгача камайтирилди ёки 111,5 минг сўмга туширилди. Бу 239 мингта якка тартибдаги тадбиркорга 232,9 млрд. сўм маблағини тежаш имкониятини беради. Бундан ташқари, агар якка тартибдаги тадбиркорлар карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлса, у ҳолда улар даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

2.    Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти амалга оширилаётган жойнинг хусусиятларини, шунингдек, кўрсатилаётган хизмат турининг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорларига нисбатан қўлланиладиган 0,7 дан 1,3 гача пасайиб борувчи ёки ўсиб борувчи коэффициентларни киритишга ҳақли эканлиги белгиланган. Шунга кўра, туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3 167 та якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди, натижада:

– шаҳар жойларда 225 минг сўм ойлик тўлови ўрнига 157 минг сўм;

– вилоят марказларида 150 минг сўм ўрнига 105 минг сўм;

– туманларда 50 минг сўмдан ойлик тўловини 30 фоизга камайтирган ҳолда 35 минг сўм тўлаш имкони берилди.

Бунда тадбиркорлар ихтиёрида жами 2,3 млрд. сўм иқтисод қилиниши кутилмоқда.

3.    Солиқ кодексининг 397-моддаси биноан солиқ тўловчилар жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни, доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари бегилаб қўйилган. Лекин ҳозирги коронавирус пандемияси даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва карантин қоидаларига риоя қилиш мақсадида, жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилди.

4.    Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддатлари ҳам кечиктирилиб, 2020 йил 15 апрелдан 15 октябргача узайтирилди. Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича 7,3 млн. нафар фуқарога 2020 йил учун 2 трлн. сўм солиқлар ҳисобланган эди. 15 апрелда унинг тўланадиган қисми 1 триллион сўм бўлиб, бугунги кунда 1,2 миллион нафар фуқаро томонидан 341 миллиард сўми тўланди. Қолган қисми – 670 миллиард сўм 15 апрелгача тўланиши лозим эди. Ушбу суммани тўлаш муддати ҳам иккинчи тўлов санаси 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.

5.    2020 йил 1 апрелдан бошлаб хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинди. Бу ўртача 28,4 миллиард сўмни ташкил этади.

      Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, халқимиз учун синов бўлган ҳозирги ҳолатда ҳар бир тадбиркор ўз халқи, Ватани учун виждонан меҳнат қилиб, ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар асосида ҳалол фойда кўриши бугунги куннинг муҳим талабидир.

Бухоро шаҳар адлия бўлими бош  маслаҳатчиси Асад Абдуллаев