Айрим давлат хизматчиларининг қонун ҳужжатларини тўғри қўллай олмаслиги, фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларига олиб келмоқда.
Дарҳақиқат, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов ўз маърузасида “Агар биз минг марта ҳам қонунга итоаткорликка чақириб турсакда, фуқаролар ўз кундалик ҳаётида бошқача манзарани кўрса, унда қонунга бўлган ишонч сўнади.
Яъни, ҳар бир инсон қонунлар ижросини амалда гувоҳи бўлиб, ўзи буни ҳис қилса, бундан катта тарғиботнинг ўзи бўлмайди”, деб бекорга таъкидлаб ўтмади.
Шу ўринда мисолга мурожаат қилишдан олдин бу ҳаётда давлат органлари ва хизматчилари ўз вазифаларига киришишдан олдин, етарли билимга эга бўлиши ва ўз хизмат вазифасини тўғри бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилмасликлари зарур эканини таъкидлашни истардик.
Когон шаҳрида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор С.О. Когон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, унда Республикада жорий этилган карантин қоидаларини бузмаган бўлсада, Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармаси томонидан уни асоссиз равишда 6.690.000 сўм жарима жазосини белгилаш ҳақида қарор қабул қилганлигини баён қилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраган.
Адлия ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилганда ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган С.О. жорий йилнинг 23 март куни Когон шаҳрида жойлашган балиқхона биносидаги электр тармоқларини таъминлаш мақсадида ташриф буюрган 2 нафар усталарни тушлик қилаётган вақтида ички ишлар ходимлари томонидан карантинга оид қоидалар бузилганлиги ҳолати бўйича маъмурий баённомани расмийлаштирганлиги, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тўпланган ҳужжатлар Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармаси томонидан мурожаат муаллифи С.О. иштирокида кўриб чиқилиб, 2020 йил 4 апрелдаги қарори билан С.О.га нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 6.690.000 сўм жарима жазоси белгиланганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 26 мартдаги ЎРҚ-613-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига ўзгартириш киритилиб, унда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланганлиги ва Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 9-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган.
Когон шаҳар ички ишлар ходими томонидан якка тартибдаги тадбиркор О.Содиқованинг ҳаракатлари юзасидан 2020 йил 23 март куни маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирган яъни ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланган воқелик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишидан олдин содир бўлган бўлсада, Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармаси томонидан Кодекснинг 9-модда талабига риоя этмасдан С.О.га нисбатан Кодекснинг 54-моддасига 2020 йилнинг 26 март куни киритилган ўзгартириш асосида жарима тайинлаш оқибатида қонунни қўллаш амалиёти ҳамда С.О.нинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган.
Шунингдек, Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармаси томонидан маъмурий ишни кўриб чиқишда, маъмурий баённоманинг ваколатли идора вакили томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилмаганлигига, яъни С.О.нинг содир этилган деб ҳисобланган ҳуқуқбузарликни тан олмасдан келаётганлигига, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан иш ҳужжатларида тақдим этилган тушунтиришдаги баёнотлар бир-бирига тўғри келмаслик ҳолатларига, содир этилган ҳуқуқбузарлик карантин қоидаларининг қайси бандини бузишига олиб келганлигига аниқлик киритмасдан вақтли асоссиз хулосага келинган.
Шунга кўра, адлия ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати бошқармасига белгиланган тартибда тақдимнома киритилиб, қарорни бекор қилиш чоралари кўрилди.
ИСМАТИЛЛО ИСМАТОВ, Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи