Янгиликлар
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ АДЛИЯ ОРГАНЛАРИНИНГ УСТУВОР ВАЗИФАСИ.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилинишининг таъминланиши демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти саналади. Дарҳақиқат, айни коронавирус пандемияси даврида ҳам юртимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этилаётганлигини кўришимиз мумкин.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, адлия органларининг фаолияти мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Олот туман адлия бўлими томонидан тумандаги мактабгача таълим бўлимида Меҳнат кодекси хусусан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш талабларига риоя этилиш аҳволи тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда мониторинг қилинди ва ўтказилган мониторинг натижасида туман мактабгача таълим бўлимида фаолият юритувчи
6 нафар ходимнинг 2019 йил мобайнидаги 3 798 5 00 сўм миқдоридаги хизмат сафари харажатлари ҳисобланмасдан, шундан 3 198 500 сўм пул маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 171-моддасида хизмат сафарида кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда йўл харажатлари, доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар, ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар тўланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2003 йил 29 августда 1268-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ичкарисидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқноманинг 15-бандида, хизмат сафарига юбориладиган ишчига хизмат сафарига кетишдан олдин хизмат сафарига юборилган жойга бориш ва доимий яшаш, қайтиш билан боғлиқ йўл харажатлари чегарасида пул кўринишида аванс (бўнак) тўланиши кўрсатилган.
Ўрганиш давомида мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик устама миқдорларини белгилаш ҳақидаги Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармасининг 13.04.2020 йилдаги буйруғига кўра Олот туман мактабгача таълим бўлими аппарат ходимларига 3 837 000 сўм, бўлимнинг марказлашган бухгалтерия ходимларига 2 921 000 сўм миқдорида устама маблағлари берилиши назарда тутилган бўлсада, бўлим аппарати ходимларига 3 304 600 сўм, бўлимнинг бухгалтерия ходимларига эса 3 453 700 сўм тўлаб берилганлиги, бироқ бўлим хисобхонаси томонидан юқори турувчи ташкилотнинг буйруғида келтирилган тартибда пул маблағлари тақсимланмасдан, ички буйруқ асосида хисобхона ходимларига 532 700 сўм миқдордаги маблағ ортиқча ўтказиб тўлаб берилган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Олот туман мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, Олот туман мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, Олот туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига Маъмурий хукуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш юзасидан таклиф киритилди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги амалга оширилаётган ишлар, адлия органлари кўзлаган мақсадларнинг энг асосий йўналиши ҳисобланади. Зотан, инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эса шарафли вазифадир.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Бухоро вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи