Янгиликлар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди
"Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) ташкил этилди.
Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.
Фармон билан Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди.
Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.
Агентликка, шунингдек, қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилди:
бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.
Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.
Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминот яратилади
Фармонга кўра, Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) босқичма-босқич жорий этилади.
Фармон билан қуйидагилар жорий этилади:
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи
“E-Anticor.uz” электрон платформаси;
коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминот.
Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилмаси тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлиги миқдорида белгиланди (10 та штат бирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, 40 та штат бирлиги эса Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади).
Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга, директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
Агентлик директори ўринбосарлари Агентлик директори тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.