Янгиликлар
Компенсация пуллари ундирилиши белгиланди.
Республикамизнинг барча туман (шаҳар)ларида адлия бўлимларини ташкил этилиши ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш меҳанизмини яратди десак муболаға бўлмайди. Хусусан, адлия органларига мурожаат қилишган аксарият фуқароларимизнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилиши натижасида, фуқароларнинг эртанги кунга ишончи, яхши яшашга интилиши ва иштиёқи ортмоқда.
Жумладан, Шофиркон туман, Шофиркон шох кўчасида яшовчи фуқаро С.С. ҳамда М.А.лар туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, Шофиркон туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер хўжаликларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботни юритиш марказида муқаддам ишлаганликларини, уларнинг меҳнат дафтарчалари ва бундан келиб чиқадиган компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги юзасидан норози бўлиб, шу масалада амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатлар адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилганда фуқаро С.С. ва М.А.лар Шофиркон туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази собиқ ҳисобчи вазифасида ишлаганликлари, 19.09.2019 йилда ўз аризаларига биноан ишдан бўшаганликлари, бироқ уларга меҳнат дафтарчалари қайтариб берилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасида "Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт" деб кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган "Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 3.1-бандига асосан Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг2.8 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади. Ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига (Т-2 сон идоралараро намунавий шакл — Йўриқномага 4-илова) ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди, деб қайд қилиб қўйилган.
Шунга кўра, Шофиркон туман адлия бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида"ги Низомга асосан мурожаатчи фуқароларнинг манфаатини кўзлаб ФИБ Ғиждувон туманлараро судига жавобгардан компенсация ундириш ва меҳнат дафтарчасини бериш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво ариза киритилди.
ФИБ Ғиждувон туманлараро судининг 2020 йил 22 июнь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан даъво ариза қаноатлантирилиб, жавобгар ташкилотдан фуқаро С.С. фойдасига 11 339 991.63 сўм ҳамда фуқаро М.А. фойдасига 12 338 851 сўм иш ҳақи (компенсация) ундирилиши ва уларнинг меҳнат дафтарчаларини қайтариш мажбурияти юклатилди.
ШОХРУХ САИДОВ, Шофиркон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси