Янгиликлар
Исм-фамилиянгиз тўғри ёзилганми?
Исм-фамилияларини тўғрилаттириб ёздириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси»да ҳар бир фуқаронинг бу борадаги қонуний ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланган.
Жумладан, Ғиждувон туман, Шарқ МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Садриева Олима Махмудовна Ғиждувон туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, 1981-1982 йилларда Ғиждувон туман собиқ “Ибн Сино” жамоа хўжалигида ишлаганлигини, иш ҳақини ҳисоблаш тўғрисидаги дафтарларда фамилияси “Садриева” ўрнига “Садирова” деб нотўғри ёзилганлиги сабабли пенсия расмийлаштиришда қийналаётганлигини билдириб, амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилиб, мурожаат муаллифининг исм, фамилия ва шарифи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва фуқаролик паспортида “Садриева Олима Махмудовна” деб қайд қилинган ҳолда 1981-1982 йилларда Ғиждувон туман собиқ “Ибн Сино” жамоа хўжалигидаги меҳнат фаолиятига доир иш ҳақини ҳисоблаш билан боғлиқ ҳужжатларда “Садриева” ўрнига “Садирова” деб нотўғри ёзилганлиги, ушбу ҳолат меҳнат дафтарчасида қайд қилинган буйруқлар ҳақидаги ёзувлар ҳамда Ғиждувон туман давлат архиви томонидан берилган маълумотлар билан ҳам ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 295-моддаси 1-қисми 6-бандида суд шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслигига сабаб бўладиган фактларни аниқлаши кўрсатилган.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан туман адлия бўлими томонидан ФИБ Ғиждувон туманлараро судига мурожаат муаллифининг манфаатларини кўзлаб, юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ мурожаат ижобий ҳал этилди.
ДИЛШОД НАРЗУЛЛАЕВ, Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи