Янгиликлар
Фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқи тикланди
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 2-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашиши назарда тутилган.
Мамлакатимизда айни пайтда коронавирус инфекциясига қарши кураш мақсадида карантин тартиби жорий қилинган бўлсада, аҳолининг ижтимоий масалаларига ҳар доимгиданда долзарб эътибор қаратилмоқда. Хусусан адлия органлари томонидан фуқароларнинг меҳнат қилиш, муносиб турмуш кечиришлари учун даромад манбаига эга бўлишлари билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ғиждувон туман Ф.Хўжаев МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Д.Б. туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, бола парвариши таътилидан сўнг "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ Бухоро филиали томонидан иш билан таъминланмаганини маълум қилган. Мурожаатни ўрганиш давомида, мурожаат муаллифи "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ Бухоро филиали томонидан бола парвариши таътилида бўлган даврида Ғиждувон почта алоқа тармоғидаги иш ўрни сақлаб қолинмаганлиги ва 21.06.2018 йилдан буён иш билан таъминланмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси бешинчи қисмида, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддасида, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу Кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шартлиги кўрсатилган.
Шунга кўра, Ғиждувон туман адлия бўлими томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Бухоро филиалига тақдимнома ҳамда мазкур ташкилот мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши учун Бухоро шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига маъмурий хукуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақида таклиф киритилди.
Киритилган таъсир чоралар натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилиб, айбдор масъул шахс ЎзР МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилди.
Конституциямизнинг 15-моддасида давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришлари қайд этилган. Бас шундай экан, қонун талаби барча учун ўзгармасдир. Ҳар қандай соҳа, ҳар қандай лавозим эгаларига ушбу ҳақиқатни четлаб ўтиш ҳуқуқи берилмаган.
ДИЛШОД НАРЗУЛЛАЕВ, Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи