Янгиликлар
Адлия аралашгач 5 нафар фуқаро ишга тикланди
Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича самарали тизим йўлга қўйилганлиги туфайли улардан келган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, Пешкў туман "Зандане" МФЙ "Мўғилон" қишлоғида яшовчи фуқаро М.О. Пешку туманидаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи вазифасида ишлаб келганлиги, бироқ иш берувчи у билан тузилган меҳнат шартномасини ҳеч қандай сабабсиз ва асоссиз бекор қилганлигини баён этиб, шу масалага қонуний ечим топиш ҳамда ишга қайта тикланишида ёрдам кўрсатилишини сўрашган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилганда, мурожаатчидан ташқари Пешку туманидаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотининг яна 4 нафар ишчи-ходими билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлиги, меҳнат шартномаларини бекор қилишда буйруғда Меҳнат кодекси ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси асос қилиб кўрсатилмаганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Меҳнатга оид буйруқ қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддасига асосан Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳисобланади.
Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил сифатида кўрсатилиши белгиланган.
Шунингдек, туман мактабгача таълим ташкилоти мудираси томонидан буйруқни бекор қилишда асос сифатида 2020 йил 17 март кунида касаба уюшмаси қўмитасининг 2020 йил 16 мартдаги қарори далолатномалари асосида ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100 моддаси 2-қисми 4-банди талаблари билан меҳнат шартномасини бекор қилишга эътирози йўқлиги ҳақида қарор қабул қилинганлиги маълум қилинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 26.01.2013 йилдаги 9-15-сонли қарори билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида”ги намунавий низомнинг 9.2-бандига кўра жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ёки бермаслик масаласи бевосита касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида ҳал қилиниши, 11.2, 11.3-бандларига кўра бошланғич ташкилот сайлаб қўйиладиган органлар мажлислари ушбу органлар аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ҳуқуқли ҳисобланиши, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини сайлаб қўйиладиган органларининг қарорлари ушбу органлар аъзолари ёки йиғилиш иштирокчиларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, Пешкў туман Мактабгача таълим бўлимининг 2020-2022 йилгача тасдиқланган жамоа шартномасининг 17-бандида Ходимларнинг меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олмай туриб иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ушбу масаладаги ёзма тақдимномаси Касаба уюшмаси қўмитасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2016 йил 19 апрелдаги 2-11 сон қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби” асосида кўриб чиқилади деб кўрсатилган.
Худди шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан масаласи кўрилаётган ходимнинг касаба уюшмаси қўмитасининг мажлисига чақиртирилганлигини исботловчи далиллар ҳам тақдим қилинмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 21-бандида ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органининг розилигисиз бекор қилингани аниқланса, суд меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топиши ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантириши белгиланган.
Тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиш ҳақидаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 17.03.2020 йилдаги буйруғида Ташкилот кузатув кенгашининг 17.03.2020 йилдаги 3-сонли қарори асос қилиб кўрсатилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигининг 06.12.2018 йилда “Мактабгача таълим муассаларининг Кузатув кенгашлари фаолиятларини ташкил этиш ҳақида”ги 239-сонли буйруғига асосан Низом ишлаб чиқарилган бўлиб, ушбу низомнинг 5-бандида кенгашнинг вазифаларикўрсатиб ўтилган ва 21-бандида кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларидан 60 фоизи иштирок этиши, 28-бандида кенгаш йиғилиши ўтказилишидан ўн кун олдин йиғилиш ўтказиладиган кун, вақти, жойи ва муҳокама этиладиган масала ҳақида кенгаш аъзоларини хабардор қилиши лозимлиги, 31-бандида кенгаш йиғилиши ўтказилганлиги ўтказилганлиги ҳақидаги баённомалар кенгаш йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддатда ҳудудий бўлинмага тақдим этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Пешку туман 22-сонли мактабгача таълим ташкилоти жорий йилнинг 9-мартдан 18-мартгача кузатув кенгаши йиғилиш ўтказилмаган, ўтказилган йиғилиш баёни ҳудудий бўлимга тақдим этилмаган.
Шунингдек, тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ 17.03.2020 йилда чиқарилган бўлсада, туман почта алоқа тармоғи орқали 22.04.2020 йилда меҳнат дафтарчасини олиб кетиши тўғрисида маълум қилиниб, фуқарога ушбу хатлар 23.04.2020 йилда почта алоқа тармоғи орқали етказилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1.-бандида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги, иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши белгиланган.
Шунингдек, ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақасига (Т-2 сон идоралараро намунавий шакл Йўриқномага 4-илова) ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўйиши белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур Йўриқноманинг 3.3-бандида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатиши(бошқа хатлар ҳисоботга олинмаслиги ва Йўриқноманинг 3.1. банди асосида иш кўрилади).
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли қарорининг 8-бандида, суд маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвони мулкий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво билан бирга ҳам, шунингдек алоҳида ҳам кўриши мумкин, чунки амалдаги қонунга кўра етказилган маънавий зарар учун жавобгарлик мулкий зарарнинг мавжудлиги билан боғлиқ эмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 46-бандида Суд иш берувчига ҳар қандай меҳнат ҳуқуқининг бузилиши оқибатида (қонунга хилоф равишда меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки бошқа ишга ўтказиш йўли билан маънавий ва жисмоний зарар етказиш, асоссиз интизомий чора қўллаш, тегишли тиббий тавсиялар асосида бошқа ишга ўтказишни рад қилиш, меҳнат шартномаси бекор қилингач, иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини бермаслиги ёки ўз вақтида бермаганлиги ва бошқалар натижасида) ходимга етказилган маънавий зарарни қоплаш мажбуриятини юклаши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1021-моддаси 1-қисмида маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланиши белгиланган.
Шунга кўра, Пешку туман адлия бўлими томонидан фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, Пешкў тумани 22-сонли мактабгача таълим ташкилотининг ноқонуний буйруғини бекор қилдириш ва уларни қайта ишга тиклаш ҳамда асоссиз равишда ишдан бўшатилганлиги сабабли мажбурий прогул кунлари учун компенсация ундиришни сўраб ФИБ Пешкў туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Пировардида мазкур суднинг 03.07.2020 йилдаги ҳал қилув қарори билан 5 нафар ишчи-ходим ўз вазифасига қайта тикланди ҳамда уларга мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундирилиши ҳамда етказилган маънавий зарар учун ҳар бир фуқарога 800 минг сўмдан ундириб берилиши белгиланди.
АХТАМ УМАРОВ, Пешку туман адлия бўлими бошлиғи