Янгиликлар
Билганга, чорвачилик ҳақиқий хазина
Чорвачилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, аҳолини озиқ - овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўринга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган эди. 2020 йил давомида соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим Қарорлар қабул қилиниши ва уни ривожлантириш Ҳукумат дастурлари асосида олиб борилиши чорва моллари бош сонини кўпайишини, уларнинг насл ва маҳсулдорлик сифатларининг ошишини ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишини таъминламоқда. Ҳозирда чорвачиликка берилаётган катта эътибор ва яратилган имкониятлардан фойдаланиб амалга оширилаётган бу ишлар аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Дарҳақиқат, муқаддам ҳудудларимизнинг салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш бўйича, афсуски, етарлича эътибор қаратилмади. Хусусан, ўтган йил мисолида олиб қарайдиган бўлсак, мамлакатда чорва озуқасига бўлган талаб 120 миллион тоннани ташкил этсада, аммо атиги 47 миллион тонна озуқа ишлаб чиқарилиб, мавжуд эҳтиёжнинг 40 фоизга қондирилган холос. Шунингдек, мамлакатда сақланиб келаётган яна бир долзарб муаммолардан бири бу наслчиликдир. Чорвачиликнинг қисқа муддатда юқори самара берадиган йўналишлари, хусусан, паррандачалик, балиқчилик, қуёнчиликни ривожлантиришда муаммолар талайгина.
Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 29 январь куни юртбошимизнинг ПҚ-4576-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан:
- чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади;
- тадбиркорларга эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилади.
Шунингдек, 2020-2022 йилларда давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга:
• республикада фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган ҳар бир бош қорамолга 1 миллион сўм миқдорида;
• хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга:
• интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;
• Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
“Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун.
Ҳозирда вилоятда соҳани ривожлантиришда озуқа базасини мустаҳкамлаш учун мавжуд озуқа экин майдонларидан унумли фойдаланиш, озуқабоп экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва уруғчилигини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва фермер хўжаликларига омухта ем, шрот ва шелуха маҳсулотларини ва дағал, ширали озуқаларни ташкил этилган махсус шахобчалар орқали етказиб бериш ва бу шахобчалар фаолиятини яхшилаб бориш соҳани ривожлантиришда устувор вазифалар бири бўлиб, олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида наслдор моллар бош сони ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ўсиб боришига эришилмоқда.
Маълумот ўрнида четдан олиб келинган наслдор моллар бизнинг иссиқ иқлим шароитимизга мослашувчанлиги ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича ирсий имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришда уларни тўла қийматли озиқлантириш ва мақбул асраш шароитларини яратиш жуда катта аҳамиятга эгадир. Шу йўл орқали зотли қорамолларнинг бузоқларини аҳолига сотиб, наслчиликни тўғри йўлга қўйиш мумкин. Авваллари жайдари моллардан 4-5 литр сут соғилган бўлса, айни пайтда четдан олиб келинган зотдор моллардан 25-30 литргача сут соғиб олинмоқда.
Мамалакатда ишбилармонлик муҳитини ва тадбиркорлик шароитини янада яхшилашга доир ислоҳотлар изчиллик билан босқичма босқич амалга оширилиб келинмоқда. Берилаётган имтиёзлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ва улардан фойдалана олиш тадбиркорликнинг муҳим шартларидан биридир. Шунга кўра адлия органлари ходимлари жойларда тадбиркорлик субъектларига юртимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини манзилли тарзда етказиб, ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича самарали ишлар олиб боришмоқда.
Зеро, аҳоли орасида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш орқали камбағалликни камайтиришимиз ва аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришимиз мумкин.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи