Янгиликлар
МФЙ томонидан ишончнома кимга ва нима учун берилади?
Халқ банкининг Вобкент туман филиали томонидан Қурувчи МФЙ Навбаҳор кўчасида яшовчи фуқаро А.С.га боқувчисини йўқотганлик учун тайинланган нафақа пуллари тўлаб берилмаганлигидан сўнг, фуқаро Вобкент туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилиб, аниқланишича, фуқаро А.С.га Бозоржойи МФЙ раиси томонидан опаси Ҳ.С.нинг номидан пенсия ва нафақа пулларини олиш юзасидан ишончнома расмийлаштириб берилган ва фуқаро мазкур ишончнома билан Халқ банкининг Вобкент туман филиалига мурожаат қилган, бироқ банк масъул ходими томонидан ишончномага шубҳа билан қаралиб, мурожаатчига “туман пенсия бўлимидан сўраб келинг, бўлади деса кейин тўловларни берамиз” деган важ билан асоссиз равишда ноқонуний талаб қўйган.
Ваҳоланки, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкинлиги белгиланган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан АТ “Халқ банки” Вобкент туман филиалига тақдимнома киритилиб, айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди ҳамда мурожаатчига нафақа пуллари олиб берилиши таъминланди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2019 йилдаги 328-сон қарори билан Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қуйидагиларни олиш учун ишончномани тасдиқлаши мумкин:
хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни;
иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни;
муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни;
пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни;
банк муассасаларидан суммаларни.
Ишончномалар кўпи билан 3 йилгача берилади, амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса ишончнома 1 йил амал қилади.
ЗОҲИД ҲАЛИМОВ, Вобкент туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси