Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Одил судлов – инсон манфаатлари ҳимоясининг гарови!


Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармони эълон қилинди ва Фармон суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилмоқда.

Хўш, Фармон асосида суд тизимида қандай янгиликлар кутилмоқда ва ҳозирда ўзи суд тизими структураси ўзи қандай ташкил этилган?!

Мамлакатимизда давлат ҳокимиятининг тизими — 3 та яъни ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Конституциянинг 107-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборатдир.

Ҳар биримизда ўринли савол туғилади суд тизимидаги ўзгаришлар нимага керак эди? Президентимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида судлар фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди: “Судлар ҳали-ҳамон адолат қарор топадиган масканга айланмади. Халқ судлардан норози. Ҳаммаси эски тос, эски ҳаммом. Бу соҳадаги ислоҳотларни қатъий ва изчил давом эттирамиз. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга халқнинг ўзи баҳо беради. Уларга бўладиган қатъий талаб халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир”. Ўтган уч йил давр ичида судларнинг фаолиятини такомиллаштириш борасида бир қанча қарорлар қабул қилинди. Маъмурий, иқтисодий судлар ташкил этилди. 2017 йил 1 июндан Ўзбекистонда Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд жараёнлари соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукми чиқариш ҳоллари кўпайди ва айни пайтда судлар ташқи таъсирлардан холи, мустақил ҳокимиятга айланишда давом этмоқда. Бироқ, кўплаб ижобий ўзгаришларга, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, халқ орасида судга ишончсизлик кайфияти ҳанузгача мавжуд.

Эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 йил 1 июнда Ўзбекистонда Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилганлиги бугунги кунга келиб катта самаралар берди. Олий суддан кейинги  бўғин судларининг бирлаштирилиши ҳам  суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланмаслигига, ягона суд амалиёти таъминланишига, судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш, судларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришга имконият яратиш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди ва эндиликда Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш. Бунда: маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади ва туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

Хусусан, 199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

Ривожланган давлатларда мазкур соҳадаги амалиёт қай тартибда йўлга қўйилган?

Маъмурий судлар тўғрисида жаҳон тажрибасига юзланадиган бўлсак, Англия ва АҚШ сингари ривожланган давлатларда ихтисослашган маъмурий судлар бўлмаса-да, мазкур давлатларда инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ихтисослашган маъмурий хуқуқ мавжуд бўлган Германиядан кам даражада эмас. Америка Қўшма Штатларида суд ҳокимияти тармоғига кирмайдиган, ижро ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қарорлари қонунийлиги устидан назоратни таъминлайдиган квази судлар ёки трибуналлар ташкил этилган. Бундан ташқари, ижро этувчи хокимият тармоғидаги давлат бошқаруви органлари таркибида ташкил этилган трибуналларда 1300 дан ортиқ маъмурий низолар бўйича судьялар фаолият олиб боради.

Германияда маъмурий судларнинг шаклланиш тарихи салмоқли даврни қамраб олади. Маъмурий судлар Пруссия, Гессен, Вюртемберг ҳамда Баварияда фаолият юрита бошлаган. Германия давлати 16 ҳудудга бўлинган бўлиб, ушбу ҳудудларда 52 та маъмурий суд иш олиб боради. Ишлар коллегиал тарзда ва ҳар бир судья тор соҳасидаги ишларни юритади.  Иш юритишда процессуал муддатлар мавжуд эмас. Хуллас, маъмурий ишларни юритиш юзасидан ушбу давлатларнинг тажрибаси инобатга олинмоғи лозим. Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишув тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.

РФ ЖПКнинг 236-моддасига асосан жиноят иши юзасидан дастлабки эшитув қуйидаги суд қарорларидан бирини қабул қилиш билан якунига етади: жиноят ишини терговга тегишлилиги бўйича қайтадан жўнатиш; жиноят ишини  айбловчига қайтариш; иш юритувини тўхтатиш; жиноят ишини тугатиш; жиноят ишини якунлаб, айбланувчига нисбатан жарима қўллаш; жиноят ишини ажратиш ёки бирлаштириш.

Демак, дастлабки эшитув институти ҳам жиноят процессини соддалаштиришга ва иштирокчилар манфаатлари ҳимояси учун хизмат қилади.

Маъмурий судлар тугатиладими?

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган 199 туман (шаҳар) маъмурий судларининг ўрнига туманлараро маъмурий судларнинг ташкил этилишининг асосий сабаби шундаки, бугунгача маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишларнинг ўрта ҳисобда 90 фоизни маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ташкил этган. Жумладан, stat.sud.uz сайтидаги маълумотларга асосланиб айтадиган бўлсак 2019 йил 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан биринчи инстанция тартибида 286 минг 772 маъмурий ҳуқуқбузарлик, 25 минг 550 материал ва 12 минг 159 оммавий низо, жами 324 минг 481 та иш (материал)лар кўриб ҳал этилган.

Кўриниб турибдики, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо қилмоқда. Бу эса янги Ўзбекистоннинг танлаган йўли, яъни маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига бундан кейин ҳам катта эътибор қаратилишини англатади.

Манбаларга таянадиган бўлсак, ҳар бир судья кўрадиган ишлар сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда қайсидир судларда кўп ва қайсиларидадир кам эди. Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишламоқда. Вилоят судларида судьялар сонининг камлиги ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига 20 мингдан ортиқ ишларнинг олиб берилишига, натижада фуқароларнинг сарсонгарчилигига сабаб бўлганлигини гувоҳи бўлдик.

Фармон билан, мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш орқали мазкур масалага ечим топилишига эришилади ва тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

- 4 та  Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туман иқтисодий судлари  тугатилмоқда;

- 5 та туман Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор фуқаролик судлари ташкил этилмоқда;

- 4 та Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туман жиноят судлари ташкил этилмоқда.

Фармон билан Прокурорнинг қайси ваколатлари қисқартирилмоқда, бунинг сабаби нимада?

Фармонга мувофиқ, Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан:

- прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

- прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш;

- прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Ҳозирга қадар суд томонидан тегишли қарор қабул қилиб бўлинган суд ишларини прокурор томонидан ўз ташаббусига кўра чақириб олиб ўрганиш амалиёти мавжуд эди. Бу эса қайсидир маънода тарафлар мурожаати бўлмай туриб суд ҳужжатини ўрганилиши, яъни суд устидан назорат маъносини ҳам англатар ва турли халқаро ва миллий мутахассис-олимларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган эди. Фармон билан прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш тизими жорий қилинмоқда. Бу эса прокурор ваколатини маълум маънода қисқариши, прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига барҳам беради.

Шунингдек, Фармон билан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бу нима дегани масалан, иккита фуқаро ёки иккита тадбиркор ўртасида шартномавий ҳуқуқий масалада низо юзага келди. Бу соф ҳолда хусусий-ҳуқуқий муносабат бўлиб, ишда прокурорнинг иштироки аслини олганда умуман кераксиз. Чунки прокурор қайсидир тарафнинг фойдасига фикр билдириши унинг холислигига, ўз навбатида, қарши тарафнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлса, прокурорнинг қонун ҳимоячиси сифатида икки тарафга ҳам ён босмай фақат қонун ҳимоясида туриши эса қайсидир маънода судьянинг ролини бажаришига ўхшаб қолар эди. Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган давлатлар (Германия, Франция, АҚШ ва бошқа)да прокурорнинг фуқаролик, иқтисодий ишлар ва, ҳаттоки маъмурий низолар кўрилишида судда иштироки айрим истисноли ҳоллардан ташқари умуман мавжуд эмас. Мазкур ривожланган хорижий давлатларда прокурор асосан жиноят ишлари юзасидан судда иштирок этиши ва дастлабки терговни мувофиқлаштириши назарда тутилган. Фармон билан фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштирокининг қисқартирилиши хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасидаги низоларнинг тарафлар ўртасида, прокурор аралашувисиз, ўзаро ҳал қилиниши имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Шунингдек мазкур фармон нафақат судялар мақомини оширишига, бундан ташқари

- суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга;

- суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга;

- инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга;

- суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак фармон билан киритилаётган ўзгаришлар натижасида судьялар мақоми янада кучайтирилади ва инсон манфаатлари йўлида одил судлов сари муҳим қадам қўйилди. Ўйлаймизки, фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси янада мустаҳкамланади.

БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи