Янгиликлар
Сўхликлар жорий йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади
“2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Фарғона вилоятининг Сўх туманида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида:
2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади;
2020 йил 1 августдан 2021 йил 31 июлга қадар:
▫️якка тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
▫️алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғим тўлашдан озод қилинади.
Тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит фоиз ставкасининг 10 фоизли пунктидан юқори бўлган қисми, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдори компенсация қилинади.
Қарорга кўра, Сўх тумани аҳолисига янги уй-жой қуришлари учун ипотека кредитлари ажратилади.
Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасалари шифокорларининг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи 3 йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 % ва ҳар бир кейинги 2 йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 % миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 % ўрнатилади.
Шунингдек, Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари ташкил этилади.
Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади.