Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили


Инсоният тарихидан маълумки барча ижтимоий муносабатлар тинимсиз ривожланишда бўлгани каби қонунчилик ҳам параллел равишда мукаммаллашишда давом этади. Шундай муносабатлардан бири бир неча минг йилликлардан буён мавжуд бўлган суд тизимидир. Мазкур соҳа формаль жиҳатдан милоддан аввалги V асрда Римда вужудга келган бўлсада, шу кунга қадар ислоҳ этилган минг бир шакл ягона ғоя – адолатга хизмат қилиши ҳамма вақт ҳам асосий мақсад бўлиб келган.

Ушбу тарихий қонуниятга таянган ҳолда ҳамда мамлакатимиз судларини чинакам адолат қўрғонига айлантириш мақсадида 24.07.2020 йилда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг навбатдаги, яъни ПФ-6034 рақамли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлабсуд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилинади, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади.

Бундан ташқари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган такдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган хукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиблари жорий қилинади.

Шунингдек, таҳлил қилинаётган Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш ҳақидаги таклифлар маъқулланиб, судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган микдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда - йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилган.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши ҳамда қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланди.

Дарҳақиқат, суд ишларини кўришда хорижий тажрибага эътибор берадиган бўлсак, ушбу тажриба ишларни  қайта-қайта кўрилиши, шикоят (протест) субъектларининг кўплигини истисно этиб, ушбу ҳолат суд ишларига таъсир қилувчи, суд мустақиллигига даҳл қилувчи элемент сифатида қайд этиб, биринчи, апелляция (кассация) инстанцияларини эътироф этади. Чунончи, дунёнинг ривожланган давлатлари Франция, Канада, Италия ва бошқа давлатларда биринчи, апелляция (кассация) инстанциялари мавжуд.

Шунингдек, дастлабки эшитув англо-саксон ҳуқуқ тизими вакиллари бўлган давлатлар АҚШ, Канада, Англия далатларида бир неча асрдан буён амал қилиб келаётган процессуал қоида бўлиб, ушбу таомил далиллар етарлилигига ҳамда қилмишнинг ижтимоий хавфли хусусиятларига мувофиқ қўлланилади ва суд иш юкламасини, суд харажатларини сезиларли даражада камайтиради.

Фармонда кўрсатилган яна бир муҳим институт – давлат айбловчисининг айбловдан воз кечиш амалиётини амалда тадбиқ этиш суд тергови ва судда текширилган далиллар процесснинг энг мақбул далиллари ҳисобланишини тан олиш, якуний ва ҳал қилувчи хулоса суд музокараларидан сўнг эшитилиши, жиноят иши тақдири дастлабки тергов жараёнида ҳал қилинмаслиги лозимлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида айланувчининг айбини тасдиқлайдиган далиллар билан бирга айбни истисно этувчи далиллар ҳам бирдек текширилиши ва инобатга олиниши шартлиги мазмунидаги норма мавжуд.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонун ҳужжати қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини самарали таъминлаш, тадбиркорлик муҳитига кенг йўл очиш, инвестицион муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларнинг жадал рўёбга чиқарилиши, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини кескин камайтиришга хизмат қилиб, судларга ҳар қачонгиданда кўра билимли, тажрибали бўлиши, фақат ва фақат қонунга итоат этиши, мустақиллик тамойилини қонун устуворлиги йўлида қўллаши, ягона суд амалиётини шакллантириш зарурлигини, судья шахсини “инсон фактирига хос қонунсизликдан ҳоли генетик тузилма”га айлантиришни тақозо этади.

ДИЛШОД НАРЗУЛЛАЕВ,
Ғиждувон тумиан адлия бўлими бошлиғи