Янгиликлар
Фуқарога нисбатан тузилган маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди, нега?!
Бухоро шаҳар, Гулобиён кўчасида яшовчи фуқаро Б.М. Бухоро вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат бошқармаси томонидан унга нисбатан асоссиз равишда жарима солиш тўғрисидаги қарор расмийлаштирилганлигини, ноқонуний қарорни бекор қилишда ва Давлат санитария-эпидемиология назорат бошқармаси ходимига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди ва аниқланишича мурожаат муаллифи Б.М. ўзи билан бирга 3 нафар фуқаро билан яъни тўрт киши бўлиб, карантин давомида ўрнатилган мажбурий қоидаларни бузган ҳолда ўзига бириктирилган автомашинани бошқарганликдаги айби билан вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат бошқармаси бошлиғининг 13.05.2020 йилдаги жарима солиш тўғрисидаги қарори чиқарилганлиги, бироқ фуқаро Б.М. унга нисбатан расмийлаштирилган баённомага имзо чекишдан бош тортиб, ҳуқуқбузарлик фактини инкор этганлиги инобатга олинмаганлиги, маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқиш учун тегишли ваколатли судга юборилмасдан, жарима солиш тўғрисидаги қарори муддат бузилиши йўл қўйилган ҳолда расмийлаштирилганлиги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иштирокисиз кўриб чиқилганлиги, тузилган баённома белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245-моддасидаси 2-қисмида агар ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса, маъмурий судлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги бошқа ишларни ҳам, худди шунингдек содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш учун ўзларига топширилган ишларни ҳам бевосита кўриб чиқиши кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 35-сонли қарорининг 2-бандида маъмурий судга тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар рўйхати МЖтК 245-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган. Шуни назарда тутиш лозимки, МЖтК 245-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига асосан судларга қуйидаги: ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этганда, ҳар қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳам тааллуқлилиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 282-моддаси баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилиши, 305-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланган.
Шунингдек, ДСЭНМ томонидан қарор қабул қилишда фуқаро Б.М.нинг тушунтириш хати асос сифатида кўрсатилган бўлсада, тушунтириш хатида “3 нафар рухсати бўлмаган фуқароларнинг кимлиги, мазкур авто машинада нима мақсадда ва қайси йўналиш бўйича ҳаракатланаётганлиги ҳамда тушунтириш хати қайси мансабдор шахс томонидан олинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида автомашинада 3 нафар фуқаро билан ҳаракатланиши инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлиги кўрсатилмаган.
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 08.04.2020 йилдаги 17-сонли баёнида билан тасдиқланган 1-иловада Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ҳамда ходимларнинг шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши махсус рухсатнома талаб этилмаслиги, 13.04.2020 йилдаги 18-сонли баёни 11-банди “г” кичик бандида бир муассасада фаолият олиб борувчи ходимлар ишга боришида ва қайтишида хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларида бир йўналишда биргаликда қатновига рухсат берилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 321-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун орган (мансабдор шахс) томонидан ишни тўлиқ бўлмаган ҳолда ёки бир томонлама кўриб чиқилиши; орган (мансабдор шахс) ҳал қилув қарорининг ва ушбу Кодекс Махсус қисмининг қўлланилган нормалари ва маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бошқа норматив ҳужжатлар ишнинг фактик ҳолатларига мос келмаслиги; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларининг жиддий бузилиши; қўлланилган маъмурий жазонинг адолатсизлиги асос бўлиб ҳисобланиши кўрсатилган.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекитон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Бухоро вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат бошқармасига қонунбузилиш ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди ва мурожаат муаллифига нисбатан тузилган 13.05.2020 йилдаги жарима солиш тўғрисидаги қарори бекор қилинди.
ТУЙҒУН АЗИМОВ,
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи