Янгиликлар
Ёш оилаларга ажратилган уй-жойлар бўйича муддати ўтган қарздорлик нотариус ижро хати орқали ундирилади
“Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (521-сон, 27.08.2020 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оила сифатида ҳисобга қўйилган ва тавсиянома берилган ёш оилалар учун 2019-2020 йилларда қурилган ёшлар уйлари рўйхати тасдиқланди.
Қарорга кўра:
2019 йилда ёшлар учун қурилган 558 та уйнинг дастлабки бадали учун 30 млрд сўм;
2020 йилда қуриладиган уй-жойлар учун 356 нафар ёш оилага уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисмини молиялаштириш учун 11,6 млрд сўм маблағлари қўшилган қиймат солиғини қўшган ҳолда ажратилади.
Қарорга мувофиқ, ёш оилаларга дастлабки бадал сифатида тўланган ссудани ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш бўйича Ёшлар ишлари агентлигида Ёш оилаларга ажратилган уй-жойлар билан ишлаш бўйича назорат гуруҳи ташкил этилади.
Назорат гуруҳи Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашларининг ссуда ва фоизларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.
Ҳудудий кенгашлар ссуда ва фоизларни қайтармаган ёш оилаларга бир иш кунида нотариус орқали ёзма билдиришнома юборади.
Билдиришнома талаблари бажарилмаганда, нотариус томонидан ижро хати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига юборилади ва қарздорликни ундириш чоралари кўрилади.
Ёш оилаларга уй-жой ажратиш шартлари ўзгарди
Қарорга кўра, ёш оилаларга уй-жой ажратиш шартлари 2020 йил ва кейинги йиллар учун қуйидагича белгиланди:
ёш оилаларга уй-жойлар шаҳарларда ва қишлоқ жойларида 1 йиллик имтиёзли давр билан (илгари 3 йил эди) ҳамда дастлабки 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида 20 йил муддатга берилади (илгари қишлоқ жойларидаги уй-жойлар учун бу муддат 15 йил эди).
Бунда квартиранинг дастлабки бадали:
шаҳарларда – ёш оилаларга, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларга сотиш шартларига мувофиқ (илгари қатъий 25 фоиз);
қишлоқ жойларида – сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади (илгари 10, 25 фоиз).