Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Тўланмай қолган компенсация суммаси ундириб берилди


Бугунги кунда туман (шаҳар) адлия бўлимларига фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлиги, фуқароларнинг адлия идораларига нисбатан ишончи ортиб бораётганлигидан далолатдир.

Жумладан, Вобкент туман адлия бўлими томонидан мурожаатларни ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда мурожаат муаллифи иўтирокида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Вобкент тумани, Гулистон МФЙда яшовчи фуқаро Р.О. туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, Вобкент туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида муқаддам ишлаганлигини, у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилинганлигини, бироқ ишдан бўшаш нафақаси тўланмаганлигини, ушуб масалани қонуний ҳал этиб беришларини сўраган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда, мурожаат муаллифи нинг иш жойи қисқарганлиги сабабли, у билан тузилган меҳнат шартномаси коллежнинг 16.11.2019 йилдаги К-32-сонли буйруғига кўра ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши кўрсатилмаган ҳолда бекор қилинганлиги, буйруқ билан мурожаат муаллифи таништирилмаганлиги, мурожаат муаллифи тегишли тартибда туман аҳолини бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, бу тўғрисида маълумотнома тақдим этган бўлсада, қонунда белгиланган тўловлар тўланмаганлиги аниқланди ва Вобкент маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўрнида бошқа таълим муассасаси жорий этилганлигини инобатга олиниб, йўл қўйилган қонунбузилиш ҳамда хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Бухоро вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасига тақдимнома киритилди.

Шунга кўра, Бухоро вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу тақдимномага жавобан берилган жавоб хатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли Фармонига мувофиқ Вобкент маиший хизмат касб-ҳунар коллежи фаолияти тугатилиши ва коллеж биноси тумандаги 1-сон мактабга берилиши белгиланганлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2019 йил 2 декабрдаги 1101-сонли буйруғи раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинганлиги, ушбу буйруқ билан бошқарма бошлиғи раислигида “Тугатиш комиссия”ни таркиби тасдиқланганлиги, вилоятдаги барча таълим муассасалари молиявий мустақил эканлиги, бошқарма таълим муассасасининг молиявий ишларига аралашмаслиги ҳамда собиқ Вобкент маиший хизмат касб-ҳунар коллежида фаолият кўрсатган собиқ ходимнинг иш жойидан тўланмай қолган учинчи ой учун ўртача иш ҳақи ва компенсация тўловларини ундириш юзасидан даъво ариза билан судга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқлиги билдирилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2019 йил 2 декабрдаги 1101-сонли буйруғи 6-бандига кўра “Вилоятлар касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқларига 10 кун муддатда касб-ҳунар коллежининг Тугатиш комиссияси фаолияти тўлиқ ниҳоясига етгунга қадар иш жараёнида юзага келадиган муаммоли вазиятларда ҳуқуқий-услубий ёрдам кўрсатиш, шунингдек барча педагог ва ишчи ходимлар маошлари тўлови, коллежнинг коммунал тўловлари, бино, иншоотларни сақлаш, моддий қийматликлар ва хизматлар хариди юзасидан тузилган шартномаларнинг якуний тўловлари, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳаракати бўйича юзага келган дебиторлик ва кредиторлик қарздорликларни тугатиш” вазифалари топширилган.

Юқоридагилар инобатга олиниб, туман адлия бўлими томонидан мурожаат муаллифининг манфаатини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судига ишдан бўшатиш нафақаси тўловларини ундириш тўғрисидаги даъво ариза киритди ва суднинг ҳал қилув қарорига кўра Вобкент туман Маиший касб-ҳунар колледжининг ҳуқуқий вориси Вобкент туман 1-сон касб-ҳунар мактабидан фуқаро Р.О. фойдасига 1 508 623 сўм ишдан бўшатиш нафақаси ундирилиши белгиланди.

ЗОҲИД ҲАЛИМОВ,
Вобкент туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси