Янгиликлар
Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ҳеч кимга сир эмаски, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6017-сонли Фармони ҳамда мамлакатимизда ёшларга оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таянган ҳолда ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларда «ёшлар дафтари»ни шакллантирган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандилигини таъминлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш ишларига алоҳида урғу бериб, тегишли топшириқлар берилган эди.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида 302 та маҳаллада уйма-уй юриши орқали жами 2859 та хонадон вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди ва шундан 228 нафари ёшларни ташкил этади. Учрашувлар давомида уларнинг муаммолари ўрганилиб жойида ҳал этиш чоралари кўрилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Мазкур ишларимизнинг давоми сифатида ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларнинг тизимли ечимини ишлаб чиқиш, “ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ёшлар билан индивидуал шуғулланган ҳолда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш соҳасида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида 5 йиллик муддатга меморандум имзоланмоқда.
Меморандумга биноан ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларини ҳал этишнинг сифат ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ёшларга доимий равишда ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борадиган “Юридик клиника” ташкил этилмоқда. “Юридик клиника” Ёшлар марказида фаолият кўрсатиб унда адлия ходимлари томонидан ёшлар муаммоли масалалари бўйича тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилади.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи