"9-декабрь Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни" муносабати билан Бухоро вилоят адлия бошқармасида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
2003 йилнинг 9 декабрь куни Мерида шаҳрида (Мексика) дунёнинг 100дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Сиёсий конференцияда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси имзоланганлиги сабабли ҳар йили дунё бўйлаб 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида кенг миқёсда нишонланади. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Т.Очилов томонидан тасдиқланган “Бухоро вилоят адлия бошқармасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият натижалари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардорлигини ошириш бўйича Медиа-режа”га асосан 9 декабрь куни вилоят адлия бошқармасида "Очиқ эшиклар куни" тадбири ўтказилди.
Тадбирда адлия ходимлари, давлат органлари ташкилотларининг масъул ходимлари, маҳаллий журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Рўзиев сўзга чиқиб, - "Коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланганлигини ва унга қарши жиддий, кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳозирги глобаллашув жараёни жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция чегара билмас муаммога айланди ва коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда," деб таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида бошқарма бўлим бошлиғи Б.Бахронов сўзни давом эттириб коррупцияга қарши курашиш, уни олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, адлия органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида кўргазмали тарзда маъруза қилди.
«Очиқ эшиклар куни»да адлия органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди ва адлия органларида тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилиши яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишиб, бу борадаги ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи