Янгиликлар
Адлия - депутатга кўмакдош!
Бугун янгиланаётган Ўзбекистон шароитида, кенг кўламда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёни жадаллик билан олиб борилмоқда.
Ушбу ислоҳатлар, хусусан, давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш, ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш, жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганишда жамоатчилик назорати асосий ўрин эгаллайди.
Вилоят, туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари депутатларига кенг қамровли ваколатлар берилганлиги, бу миллий қонунчилигимизда
давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бюджет соҳасида, ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш соҳасида, маъмурий-ҳудудий бирликларни белгилаш, жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш каби соҳаларда норматив ҳужжатларда ўз аксини топган бўлиб, бу рақамлар кун сайин ўсиб бормоқда.
Мазкур қонунчилик нормаларидан юқори даражадаги хабардорлик эса ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда депутатларнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига, профессионал депутатларни шакллантиришга замин яратади.
Шунга кўра, жамиятда конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш бўйича вилоят адлия бошқармаси Халқ депутатлари вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Адлия - депутатга кўмакдош” шиори остида ўқув-семинарлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Режа-графикка мувофиқ жорий йилнинг 26 февраль куни Бухоро шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида вилоят адлия бошқармаси томонидан Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ҳамда вилоят партия кенгаши вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев томонидан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда депутат ҳуқуқи, мажбурияти ва мақоми, давлат ва жамият қурилишида сиёсий партияларнинг роли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш тартиби ва бошқа соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида иштирокчилар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлиги, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгаришлардаги фаоллигини ошириш борасида ҳамда депутатлик сўровларини расмийлаштириш, уларнинг муддатлари, бу борада давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимларини масъулияти ошириш ҳамда бошқа бир қатор депутат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди.
Дарҳақиқат, депутатларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги ўзи аъзо бўлган сиёсий партиянинг фаолиятини кучайтиришга, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ривожлантиришга шак-шубҳасиз хизмат қилади.
Зеро, барчамизнинг ягона мақсадимиз, янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этиш, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни кундалик фаолиятимизга айлантириш бўлиб, адлия органлари депутатлар билан биргаликда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр ва ўқув семинарлари тизимли равишда сайёр тартибда қолган ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи