Сўнгги йилларда мамлакатимизда суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, жиноят ишларини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бинобарин, 2017 йил 7 февраль куни юртбошимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони имзоланиб, Фармон билан 2017-2021 йилларда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилашга эришиш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва фармон билан суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда судларда “Бир- суд, бир-инстанция” тамойили жорий этиш белгиланди.
“Бир- суд, бир-инстанция” тамойили ҳалқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади, яъни биринчи босқич – туманлараро, туман (шаҳар) судлари, иккинчи босқичи – апелляция (вилоят судлари), учинчи босқич – кассация (Олий суд).
Юқори турувчи суд инстанцияларида ишларни кўриш суд хатоларини бартараф этиш мақсадида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг муҳим шаклидир.
Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан мана шундай муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги 664-сонли Қонунига[2] кўра суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш асосида қуйидаги тартиб белгиланди. Жумладан, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилиб, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари 1 йил этиб белгиланди.
Мазкур тамойил бўйича биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция шикояти бериш, апелляция инстанцияси қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация инстанциясига мурожаат килиш тартибининг жорий этилиши инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади. Натижада, ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошади.
Ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилади ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади. Бунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилади. Шунингдек, биринчи инстанция судида кўрилган ишни бир-икки ой ичида апелляция тартибида, уч-тўрт ой ичида иш Олий судда кўрилишига эришиш имконини беради. Бу ўз навбатида, судма-суд сарсон бўлишнинг олдини олади. Қисқа муддатларда тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини беради.
Халқаро экспертлар томонидан ҳам ушбу “Бир суд – бир инстанция” тамойилнинг юртимизда жорий этилиши фақат ижобий ҳолат эканлиги, бунинг натижасида судлар мустақиллиги янада мустаҳкамланиши, бир судда фақат бир босқичнинг бўлиши ишларни холис кўриб чиқишга замин яратиши, суд қарорларини кейинги босқичларда сифатли ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш, йўл қўйилган хатоларни тез фурсатда бартараф этиш имкониятлари вужудга келиши таъкидланган.
Хорижий мамлакатлар жиноят-процессуал қонунчилигида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизими таҳлил қилинганда, жумладан, инглиз суд ишини юритиш тизимида жиноят ишлари бўйича турли инстанция судларининг қарорлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриб чиқишнинг барча усулларини апелляция деб аташ қабул қилинган.
Англияда суд ишларини юритиш тизимининг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари шундаки, суд қарорларининг устидан шикоят қилиш ҳуқуқи чекланган.
Апелляция ҳукмнинг қонунийлиги ва асослилиги текширилишини талаб этадиган тарафларнинг тегишли имтиёз деб ҳисобланадиган қатор МДҲ мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия каби мамлакатларнинг апелляция соҳасида жиноят судлов ишини юритишдан фарқли равишда инглиз апелляцияси– бу апелляция бериш имконияти бўлиб, у апелляция билан мурожаат қилинганлиги фактини асосли деб топишга қаратилган суд қарорига боғлиқдир. Суд бу илтимосни қаноатлантириши ёки рад этиши мумкин.
Англияда шикоят қилиш ва суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг барча усулларини апелляция остида бирлаштириш апелляциянинг аниқ турларини таснифлашни тақозо этади. Бу ўз навбатида, шикоят бериш ҳуқуқини амалга оширишни қийинлаштиради. Бунинг сабаби шундаки, апелляция турларига боғлиқ ҳолда у ёки бу апелляция шикояти бериш усулининг процессуал режими ҳам фарқланади.
Америка қўшма штатларида ҳукмларни апелляция тартибида текшириш энг мураккаб ва тартибга солинмаган процессуал институтлардан биридир. Жумладан, АҚШ жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари апелляция шикояти бериш ҳуқуқига бир қатор чекловлар белгилайди. Апелляция шикояти бериш учун, умумий қоидага кўра, фақат ҳуқуқ масаласи асос бўлиши мумкин. Биринчи инстанция судида ўз айбини тан олмаган маҳкум ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин. Шу билан бир вақтда, бу сингари чекловлар, процесс иштирокчиларининг зиммасига кейинчалик бундай имконият бўлмай қолишини англаган ҳолда, ҳар бир тартиб-таомилдан самарали фойдаланиш масъулиятини юклайди.
Франция давлатида жиноят процессида суд қарорлари устидан шикоят беришнинг икки тури: одатий ва фавқулодда турлари мавжудлигидан далолат беради. Франция жиноят процессида апелляциянинг мақсади биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган қарорни апелляция суди томонидан ўзгартиришдан ёки бекор қилишдан иборат.
Апелляция шикояти бериш апелляция инстанцияси судида янги суд муҳокамасига сабаб бўлади. Лекин ҳукм унинг фақат шикоят қилинган қисмида ва шикоятда кўрсатилган ҳолатлар қисмидагина қайтадан кўриб чиқилади. Апелляция шикояти ҳам ҳуқуқий, ҳам фактик асослар бўйича билдирилиши мумкин.
Франция жиноят процессида апелляция тартибида иш юритишнинг ўзига хос хусусияти шундаки, апелляция суди биринчи инстанция судида бўлган суд муҳокамаси доирасидан четга чиқишга ҳақли эмас. Бунда апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятида баён қилинган талаблар билан боғланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январда қабул қилинган 664-сонли Қонунига асосан суд жиноят ишини апелляция тартибида кўришда (вилоят унга тенглаштирилган судлар) апелляция шикояти, протести важлари билан чегараланмаслиги ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан апелляция шикояти бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят, протест берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текшириши, апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан текширилган далилларни ҳам, апелляция инстанцияси судига тарафлар томонидан тақдим этилган ёки у томонидан талаб қилиб олинган ва текшириб чиқилган янги далилларни ҳам эътиборга олиши, апелляция инстанцияси суди асослар мавжуд бўлганда маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиши, унга жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ тартибли турини белгилаши, жиноят туфайли етказилган зарарнинг миқдорини кўпайтиришга ҳақлилиги, шунингдек, айблов ҳукмини бекор қилиши ва оқлов ҳукмини чиқариши, айблов ҳукмини бекор қилиш ва янги айблов ҳукмини чиқариши, оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукмини чиқариши, ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиши белгиланди.
Кассация тартибида (Олий суд) эса биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўрилиши, кассация инстанцияси судининг қарорлари суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги, суднинг ҳукмида баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, ЖПК нормаларининг жиддий равишда бузилганлиги, Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги, жазонинг адолатсизлиги тўғрисдаги асослар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра такроран кассация тартибида қайта кўрилиши белгиланди.
Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”[4]. Айнан ушбу ислоҳотлар сабабли суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарода адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилишига ишонамиз.
Хулоса қилиб айтганда, “Бир суд бир инстанция” тамойили фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.