Янгиликлар
Қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциявий омиллар бўлмаслиги чоралари кўрилади
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2020 йил давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 96 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган бўлиб, шундан 81 та лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган ҳамда 15 та лойиҳа белгиланган талабларга риоя қилинмасдан тақдим қилинганлиги учун ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг тегишли бўйруғи билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида” ги Низомни Давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга асосан коррупцияга қарши экспертиза коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияни юзага келтирадиган омилларни аниқлаш, лойиҳани қабул қилишнинг коррупция ҳолатлари учун имконият яратадиган оқибатларини умумий тарзда баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупция хусусиятига эга таваккалчиликларнинг юзага келиш эҳтимолини прогноз қилиш, аниқланган коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.
Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ишлаб чиқувчи ва лойиҳа ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун келиб тушганда адлия органлари томонидан ўтказилади.
Коррупцияга қарши экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи, шунингдек лойиҳалар келишилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам ўтказилиши мумкин.
Адлия органлари ўз ташаббусига кўра, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, адлия органлари иш режалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари, оммавий ахборот воситаларидан келиб тушган нашрлар ва бошқа материалларни ўрганиш натижалари, ўрганишлар, шу жумладан бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотларга биноан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади.
ФЕРУЗ МУҚУМОВ,
Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг
фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи