Янгиликлар
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ АЛОҲИДА БЎЛИНМАЛАРИНИ ҲИСОБГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИ БЕКОР ҚИЛИНМОҚДА
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат раҳбарининг жорий йилнинг 3 март кунидаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан:
нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилади;
нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади;
ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди;
нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.
Маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.
2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жами 15 та коворкинг-марказлари ташкил этилади.
Қарорга кўра, фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади.
БАХРОМ БАХРОНОВ,
Нодавлат нотижорат ташкилотлар
бўлими бошлиғи