Бугун, 12 март куни Қоракўл тумани Маданият маркази ёнида “Давлат хизматлари сайл”и бўлиб ўтди. Сайлда “Ўзимиз келдик” акцияси доирасида аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, вилоят адлия бошқармаси ва туман адлия бўлими, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар, “Мадад” ННТнинг мутахассислари томонидан ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларни кўриш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Тадбир давомида адлия ходимлари томонидан ташриф буюрган аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш, шу жумладан ушбу хизматларни электрон шаклда фойдаланиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти кўргазмали тарзда тушунтириб берилди.
Дарҳақиқат, ташкил этилган бадиий чиқишлар, саҳналаштирилган театр томошалари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси сайлга ташриф буюрган барча фуқароларга манзур бўлди. Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан “Сиз давлат хизматлари ҳақида нималарни биласиз?” викторинаси ва “Давлат хизматлари мен учун” номли расмлар танлови ўтказилиб, ғолиблар турли эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими