Янгиликлар
Навбатдаги ўқув-семинари бўлиб ўтди
Жамиятда конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 12 март куни вилоят юридик техникуми биносида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Адлия - депутатга кўмакдош” шиори остида ўқув-семинари ўтказилди.
Семинарда режа-графикка мувофиқ халқ депутатларининг Бухоро шаҳар ва Бухоро туман Кенгаши депутатлари ҳамда тегишли ҳудудий партия кенгаши вакиллари иштирок этди.
Тадбирда кун тартибидан ўрин олган асосий масала юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев сўзга чиқиб, иштирокчиларга мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда депутат ҳуқуқи, мажбурияти ва мақоми, давлат ва жамият қурилишида сиёсий партияларнинг роли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш тартиби ва бошқа соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида маъруза қилди.
Маъруза давомида иштирокчилар депутатлик сўровларини расмийлаштириш, уларнинг муддатлари, бу борада давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимларини масъулияти ошириш ҳамда бошқа бир қатор депутат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди.
Дарҳақиқат, депутатларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги ўзи аъзо бўлган сиёсий партиянинг фаолиятини кучайтиришга, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ривожлантиришга шак-шубҳасиз хизмат қилади.
Зеро, барчамизнинг ягона мақсадимиз, янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этиш, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни кундалик фаолиятимизга айлантириш бўлиб, адлия органлари депутатлар билан биргаликда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича, устувор йўналиш ва вазифаларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр ва ўқув семинарлар тизимли равишда сайёр тартибда қолган ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
БЕКЗОД НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи