Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи туман адлия бўлими ва суд орқали тикланди


  Вобкент тумандаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонаси раҳбари Ф.Холовнинг вилоят ДСБ томонидан ҚҚС тўловчиси сифатида берилган гувоҳномани бекор қилишда ҳамда айланмадан олинадиган солиқ тўловчисига ўтказишга амалий ёрдам беришни сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Мурожаат ўрганиш давомида аниқланишича, вилоят ДСБнинг “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасини ҳисоботларни тақдим этмаганлиги важи билан оилавий корхонанинг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида 2020 йил 2 сентябрдаги қарори ҳамда оилавий корхонага ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) тўловчиси сифатида берилган гувоҳнома асоссиз равишда қабул қилинган.
Шунингдек, вилоят ДСБ томонидан оилавий корхона раҳбари Ф.Холовга 2020 йил 23 сентябрда тақдим этилган жавоб хатида корхона 2019 йил 16 январда давлат рўйхатидан ўтганлиги, давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиш чоғида солиқ режимини танламаганлиги ҳамда 2019 йил 13 февралда ўтиш санаси 2019 йил 15 январь кўрсатилган соддалаштирилган солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарнома юборганлиги, ушбу муддат Солиқ кодексининг (2020 йил 01 январгача амалда бўлган таҳрири) 351-моддасининг талабларига мувофиқ эмаслиги, шундан келиб чиқиб, солиқ органларида мавжуд маълумотларга кўра, корхона давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб умумбелгиланган тартибда солиқларни тўловчиси эканлигини ҳамда ташкил топган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқларни тўлаши лозимлиги билдирилган.
Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасининг йиллик товар айланмаси 100 миллион сўм атрофида бўлиб, йирик корхона бўлмасада, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасига қуйидагиларга асосан ташкил топган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқларни тўлаши лозимлиги талаби ноқонуний қўйилган:

Жумладан, Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонаси 2019 йил 16 январда давлат рўйхатидан ўтиб, 2019 йил 13 февралда солиқ органига ягона солиқ тўловчи сифатида хабарнома тақдим қилганидан сўнг, ушбу хабарнома солиқ органи томонидан ўша вақтнинг ўзида қабул қилинган бўлсада, Солиқ кодексининг (2020 йил 01 январгача амалда бўлган таҳрири) 351-моддасининг талаби, яъни “Ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчилар ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши тўғрисида солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда, ягона солиқ тўловини тўлашга ўтилаётган жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-санасидан кечиктирмай хабардор қилади” деб белгиланган талабни 2019 йил 1-чорагида, яъни корхонанинг биринчи солиқ ҳисоботи даврида қўйилмасдан ҳамда корхонага хабарнома бермасдан қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган.

Вилоят ДСБ томонидан ўша вақтда, яъни 2019 йил февраль ойида эмас балки, 2020 йил август ойига келибгина янги таҳрирда қабул қилинган ва 2020 йил 1 январдан кучга кирган амалдаги Солиқ кодексининг 273-моддасига асосан 2020 йил июль ойи учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботини 2020 йил 20 август кунидан кечиртирмай тақдим этиши шартлиги талаби қўйилиб, “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасига 2020 йил 13 августда хабарнома юборилган.

Ваҳоланки, “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонаси 2019 йил давомида январь-декабрь ойлари ва 2020 йил январь-июнь ойларида айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларини ўз вақтида тақдим қилиб, солиқ тўловларини ўз вақтида амалга оширган ва солиқ органлари томонидан ўша вақтда ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.

Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан ноқонуний равишда солиқ органига 2019 йил 13 февралда ўтиш санаси соддалаштирилган солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарномани Солиқ кодексининг 2020 йил 01 январгача амалда бўлган таҳрирининг 351-моддаси талабларига мувофиқ эмас деб топиб, корхона давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб умумбелгиланган тартибда солиқларни тўловчиси эканлигини ҳамда ташкил топган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқларни тўлаши лозим деб топилган ва Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонаси томонидан 2020 йил июль ойи ҚҚС ҳисоботларини 2020 йил 20 августга қадар тақдим этиши лозим бўлсада, 2020 йил 2 сентябрга тақдим этмасдан келаётганлиги сабабли “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасининг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида 2020 йил 2 сентябрдаги қарори асоссиз равишда қабул қилинган.

Ваҳоланки, Солиқ Кодекси Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли Қонунига мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинган ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси 2020 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган.

Бухоро вилоят ДСБ масъул ходимлари томонидан “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасига нисбатан солиқ органига 2019 йил 13 февралда ўтиш санаси соддалаштирилган солиқ солиш тартибини қўллаш тўғрисида хабарномани Солиқ кодексининг 2020 йил 01 январгача амалда бўлган таҳрирининг 350, 351-моддалари талабларини қонун талабларига зид равишда 2020 йил август ойига келиб ноқонуний равишда қўлланилган ҳолда корхона давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб умумбелгиланган тартибда солиқларни тўловчиси эканлигини ҳамда ташкил топган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқларни тўлаши лозимлиги талаби асоссиз қўйилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 4-моддаси, 3-қисмида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эканлиги, 4-қисмида солиқлар ва йиғимларни бекор қилишни, солиқлар ва йиғимлар ставкаларини камайтиришни, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкинлиги белгиланган. “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши кўрсатилган.

Аммо, Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасининг чет эл капитали иштирокидаги АТБ “Ҳамкорбанк” Бухоро филиалидаги ҳисоб рақамига Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2020 йил 2 сентябрдаги қарорига асосан асоссиз равишда таъқиқ қўйилган.

Шунга кўра, Вобкент туман адлия бўлими томонидан 2020 йил 26 октябрда оилавий корхона манфаатида Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармасига оилавий корхонасининг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари тўхтатиб туриш тўғрисидаги 2020 йил 2 сентябрдаги қарори ҳамда корхонага ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) тўловчиси сифатида берилган гувоҳномани бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган. Бироқ, вилоят ДСБ томонидан тақдимномани ижро қилиш рад қилинган.

Бухоро вилоят ДСБ масъул ходимлари томонидан юқоридаги қонун нормаларини нотўғри қўлланилиши натижасида Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасининг айниқса бугунги пандемия шароитида молиявий аҳволи ёмонлашишига олиб келганлиги учун ташкил топган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловларини тўлаш қобилиятига эга эмаслиги сабабли 2020 йил 5 октябрда “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонаси фаолиятини тугатиш ҳақида қарор қабул қилиб, туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилишига сабаб бўлган.

Шундан сўнг, туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг январь ойида Бухоро туманлараро Маъмурий суди мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ариза билан мурожаат қилинди.

Суднинг тегишли қарорига асосан ариза қаноатлантирилиб, Бухоро вилоят ДСБнинг Вобкент туманидаги “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасининг банклардаги барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари тўхтатиб туриш тўғрисидаги 2020 йил 2 сентябрдаги қарори ҳамда “MUHAMMADALI-BARAKOOT” оилавий корхонасига ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) тўловчиси сифатида берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилди ва натижада оилавий корхонага ҳисобланган 40 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғи бекор килинди.

ЖАМШИД ҚАНДОВ,
Вобкент туман адлия бўлими бошлиғи