Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Бухорода “Адлия сайли” бўлиб ўтди!


   Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш ҳар бир давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифаси бўлиб, бу борада адлия органлари ва муассасаларининг ўрни беқиёсдир.

Бинобарин, Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да аҳолини қизиқарли бўлган ҳуқуқий маълумотлардан хабардор қилиш, уларни ижтимоий фаол бўлишга чорлаш, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш мақсадида барча ҳудудларда “Адлия сайиллари” тарғибот тадбирлари кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 30 март куни Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” қошидаги “Фавворалар майдони”да кўтаринки руҳда ўтказилди.

Сайл вилоят ҳокими раҳбарлигида адлия бошқармаси томонидан “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида ташкил этилиб, унда вилоят даражасидаги барча давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари томонидан фуқароларнинг муаммоларини эшитиш ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатиш, жойида сайёр давлат хизматлари, нотариал ҳаракатлар ва ФХДЁ ҳаракатларини амалга оширишга, оилавий низолар ва ажримларни, ишсизлик ва жиноятчиликни олдини олиш каби кўплаб масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида оддий тилда тушунтиришлар бериш мақсадида ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан кўргазмали тарғибот материаллари билан жиҳозланган тегишли «Ҳуқуқий ахборот бурчаклари» ташкил этилди.

Бинобарин, тадбирнинг дастлабки онларида вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” клуби аъзолари томонидан
“Street law” лойиҳаси доирасида ёшлар ва аёлларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат соҳасидаги муносабатлар, меҳнат мигранлари ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ва микроқарзлар олиш тартиби, коммунал соҳадаги муносабатлар, алимент, уй-жой олиш ва ер ажратилиши тартиби, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-тарож каби жиноятларнинг салбий оқибатларини намоён этишга қаратилган жами 1000 дан ортиқ флаер, буклетлар тадбирда ташриф буюрган фуқароларга тарқатилди ва Адлия вазирлигининг “Telegram” мессенжеридаги ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказувчи “Huquqiy axborot” канали, “Advice” ҳуқуқий портали ҳамда “Lexuz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 200 дан ортиқ тарғибот материаллари тарқатилди.

Шунингдек, халқимиз, жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида жами 300 та Адлия вазирлиги томонидан оила, уй-жой, ер, солиқ, банк, тадбиркорликка оид, меҳнат, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя, таълим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва бошқа ҳаётий муҳим масалалар бўйича тайёрланган ҳуқуқий қўлланмалар тарқатилди.

Тадбир саҳнасида тантанали ва байрамона тусда санъат усталари, эстрада хонандалари оҳанрабо қўшиқлар билан чиқишлари ҳамда драма театр ходимлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатларини намоён этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбирда ташриф буюрган фуқаролар ўртасида ўтказилган “Ҳуқуқингизни биласизми?” викторина ўйини ўтказилиб, совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сайлга жалб қилинган барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ, банк ва бошқа идоралар ходимлари хусусан, адвокатлар томонидан ўз фаолиятини тарғиб қилишга ҳамда аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кўргазмалари материаллар билан иштирок этишиб, амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларда белгиланган имтиёзлар, шунингдек мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг бир қатор масалалари жойида ҳал этилди.

Жумладан, Адлия ходимлари, “Мадад” ННТ ҳудудий бюро ходимлари ва Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси масъуллари томонидан ташриф буюрувчиларга меҳнат, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик масалалари бўйича 55 нафар фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, шунингдек, шаҳар ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан 31 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилиб, 15 та сайёр нотариал ҳаракатлар қайд этилди, давлат хизматлари марказлари томонидан 11 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ФХДЁ бўлими ходимлари томонидан никоҳни қайд этиш, туғилганлик ҳолатини қайд этиш бўйича 22 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси ва Ногиронлар жамияти вилоят бўлими томонидан “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ва “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида имконияти чекланган шахслар томонидан яратилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Ярмарка давомида жами 28 нафар фуқаро иш билан таъминланди ва 50 дан зиёд фуқароларга соҳа мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилди.

Бундан ташқари 30 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, миллий маданий марказлар, спорт федерациялари ҳамда бошқа соҳадаги ташкилотлари вакиллари томонидан ҳам ўзларини фаолиятини тарғиб қилувчи кўргазмали чиқишлар амалга оширилди.

Хусусан, Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Кураш”, “Ўзбек жанг санъати”, “Таеквондо”, “Пенчак-силат”, “Стол тенниси” "Тош кўтариш" каби спорт турлари бўйича мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ташкил этилганлиги тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тадбирда вилоят юридик техникуми томонидан ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш мақсадида “Беш ташаббус – беш имконият!” шиори остида ҳуқуқий ахборот бурчаги ташкил этилиб, ёшларни спортга, санъатга, тил ўрганишга ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини уйғотиш ва техникум фаолиятига оид тарғибот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, тадбир давомида юридик техникум томонидан иқтидорли талабалар ўртасида ҳуқуқий савол-жавобларга асосаланган “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Ғолиблар ва иштирокчилар Адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир якунида жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини оширишда яқиндан ёрдам бериб келаётган журналист ва блогерлар, сайлда фаол иштирок этган давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари ҳамда спортчи ва иқтидорли ёшлар адлия бошқармасининг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғаларига эга бўлишди.

Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳамда давлат идораларининг халққа янада яқин бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Бекзод Нишонов,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи