Жамиятда конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 26 март куни Когон туман ҳокимлиги мажлислар залида вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан “Адлия - депутатга кўмакдош” шиори остида халқ депутатларининг Когон шаҳар ва Когон туман Кенгаши депутатлари ҳамда тегишли ҳудудий партия кенгаши вакиллари учун ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Б.Нишонов сўзга чиқиб, иштирокчиларга мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда депутат ҳуқуқи, мажбурияти ва мақоми, давлат ва жамият қурилишида сиёсий партияларнинг роли, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш тартиби ва бошқа соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида маъруза қилди.
Маъруза давомида иштирокчилар депутатлик сўровларини расмийлаштириш, уларнинг муддатлари, бу борада давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимларини масъулияти ошириш ҳамда бошқа бир қатор депутат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди.
Кун тартибидаги кейинги масала юзасидан Когон туман адлия бўлими бошлиғи Ҳ.Қорёғдиев сўзга чиқиб қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни ва янги қонун лойиҳаси бўйича қисқача маълумотлар бериб ўтилди.
Дарҳақиқат, депутатларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги, фуқароларнинг давлат бўлган ишончини оширишга, сиёсий партияларнинг фаолиятини янада кучайтиришга, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ривожлантиришга шак-шубҳасиз хизмат қилади.
Зеро, барчамизнинг ягона мақсадимиз, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни илгари суриб, янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этиш ҳисобланади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими