Янгиликлар
Бюрократик тўсиқларсиз янги жамият сари
Сир эмаски, охирги 3-4 йилликда мамлакатимизда ислоҳотлар шиддат билан олиб борилмоқда. Шу билан бирга жамиятимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти ошиши билан уларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда. Албатта бу давр талаби!
Интеллект ва ахборот технологиялар асри бўлган XXI асрда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда,бу эса ўз ўрнида коррупцияга қарши курашда самарали меҳанизм ҳисобланади.
Жумладан, юртбошимизнинг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6044-сон Фармони билан айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқартирилди.
Шунингдек, 2021 йил 23 март куни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида Давлат раҳбарининг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6191-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон кўра 2021 йил 1 июндан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамомилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилмоқда:
- 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;
- никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
- хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.
Шунингдек, эндиликда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан электрон тизими орқали олинади.
Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилди.
Шунингдек, хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.
450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади.
18 турдаги маълумотларни ва ҳужжатларни идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда “Электрон ҳукумат” тизими орқали бериш йўлга қўйилади. Натижада аҳолининг идорама-идора сарсон бўлиб юриши олди олинади.
МУХЛИС МУЗАФФАРОВ,
Ташкилий назорат ва таҳлил ишлари
бўлими етакчи маслаҳатчиси