Янгиликлар
ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРЛАРИНИНГ ИЖРОСИ АМАЛДА
Мамлакатимизнинг миллий иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича янги босқичга кўтарилиб, сўнгги 4-5 йилликда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, қадимий тарихи бой маданий ва маънавий меросига эга кўҳна заминимизда туризмнинг кўплаб тармоқларни ривожлантириш учун зарур шароитлар мавжуд бўлиб, бу соҳа ривожига қаратилган бир катор қарор ва фармонлар ҳам туризм тармоқлари кенгайишига хизмат қилмокда.
Бинобарин, Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туризм салоҳиятини янада ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бетакрор тарихий-маданий ва меъморий мерос объектлари билан сайёҳларни кенг таништириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасининг жадал ривожлантиришни таъминлаш, замонавий талабларга мувофиқ кўрсатилаётган туризм, меҳмонхона ва транспорт хизматлари рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017 - 2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2980-сон қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарор билан тасдиқланган Дастур бўйича вилоятда бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Туристларга янада қулай шароитлар яратиш ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида меҳмонхоналар, музейлар, кафе-ресторан, савдо шаҳобчалари ва бошқа объектларда хорижий валюта ҳамда халқаро пластик карталардан тўловларни ҳам миллий ҳам хорижий валютани қабул қилиш бўйича 67 та валюта айирбошлаш шахобчалари, 35 та автомотлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари ўрнатилди. Хорижий ва маҳаллий сармоядорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида Бухоро шаҳрида ўн йилдан ортиқ вақт давомида ишламай турган 3 та йирик “Бухоро-палас” (“Wide Tent System” МЧЖ)(480 та ўрин), собиқ “Зарафшон”(“Sahid Zarafshon”) (390 та ўрин)ва собиқ “Варахша” (“Orient Star Hotels”)меҳмонхоналари инвесторларга берилиб, уларда реконструкция ишлари якунланиб, ўз фаолиятини бошлади.
Ҳозирги кунда собиқ “Бухоро Палас” меҳмонхонаси “Wide Tent System” МЧЖ томонидан тўлиқ реконструкция қилиниб, дунёнинг топ 10 талик рўйхатига кирувчи машҳур бренд “Wyndham” билан шартнома қилинди.
Бундан ташқари, Етти пир зиёратгоҳларига туташ ҳудудларда 7 та меҳмонхона қуриш учун 1,7 гектар ер участкалари ажратилиб қурилиш, ободонлаштириш ишлари якунланиб фойдаланишга топширилди.
Эко туризм (Жайрон, Зикри ва Хадича кўллаи, Қорақир, Оғитма), Гострономик туризм (Миллий таомлар, ширинликлар), Агротуризм (Ромитан, Бухоро, Ғиждувон, Вобкент туманлари) Қишлоқ туризми (ҳунармандлар, меҳмон уйлари), Маданий туризм (театрлашган томошалар), Пляж (Қуйи-мозор, Тудакўл) каби янги туристик маршрутлар ва хизматлар турлари ўзлаштирилди. Ягона тасдиқланган намуна бўйича барча маданий мерос объектлари ва бошқа туристик объектларга ўрнатиш Маълумотлар пештахтаси ўрнатилди. Бухоро шаҳар Афросиёб кўчасида “Сув минораси” негизида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи “Бухоро тавер” объекти барпо этилди.
Шу билан бир қаторда ташаббускор тадбиркор Тошев Давлат томонидан Бухоро шаҳрининг “Арабон” кўчасида жойлашган XVI асрда қурилган қадимий объект негизида лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 млрд.сўмни ташкил этган “Усто-шогирд” миниатюра маркази ташкил этилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки Қарор билан «Қадимий Бухоро» туризм ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, инвестиция компаниялари 2020 йил 1 январгача бўлган муддатда: ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан ҳамда мамлакатимизжа ишлаб чиқарилмайдиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган асбоб-ускуна, хом ашё, бутловчи буюмлар, қурилиш материаллари божхона тўловларидан озод қилинган эди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида зиёрат туризм йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан Мухтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I халқаро “Зиёрат туризм” форуми ўтказилди.
Мазкур тадбирда дунёнинг 34 та давлатидан ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик уюшмалари, зиёрат туризми соҳаси компаниялари вакиллари ва дин уламоларидан иборат жами 130 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюришди. Форум тадбирлари дунёнинг 14 мамлакатидан келган 20 дан ортиқ ва 10 га яқин маҳаллий ОАВлари орқали кенг ёритилди. Тадбир якунида “Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги “Бухоро деклорацияси” қабул қилинди.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифларида “Бухоро вилоятини туристик чорраҳага айлантириш” бўйича берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида 2019-2020 йилларда туризмни янада ривожлантириш Комплекс Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги 794-сонли “2019-2023 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Хорижий сайёҳлар билан ишлашга ихтисослашган, хорижий тилларни ҳамда халқаро ҳуқуқ асослари бўйича билимга эга бўлган ҳодимларни (дунё тажрибасида “Туристик полиция”) ички ишлар бўлимини Бухоро вилояти мисолида ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги 939-сонли “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан вилоят ИИБ ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.
“Silk Road Resort & Spa”МЧЖ(Лойиҳа тўғрисида: Лойиҳанинг умумий қиймати 3 млн АҚШ доллари, ташкил этиладиган ер майдони 15 гектар, яратиладиган янги иш ўринлари 150 нафар) томонидан Тўдакўл сув омборида туризмнинг барча хизматлари (Мини Диснейланд, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш айвонлари, ресторан, бассейн, аквапарк, ёзги терасса, SPA салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, соғломлаштириш маскани ва бошқалар)ни ўзида мужассам этган “Пляж” зонасини ташкил этиш ишлари дастлабки босқичда якунланиб, очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда 2-босқичда белгиланган ишлар тизимли давом эттирилмоқда.
Бу эса Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш хусусан, янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказларини ва бошқа туризмни ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш орқали туризм хизматлари экспорти ҳажмини ҳамда туристлар сонини ошишига замин яратди.
АЗИЗБЕК БАРОТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари
ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бўлими бошлиғи