Янгиликлар
Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибига ўзгартириш киритилди
«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартибини янада соддалаштириш, юридик ва жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 март куни “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 125-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра эндиликда транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, Қарорга кўра 2021 йил 1 сентябрдан жисмоний шахсларга тегишли M1 тоифадаги автотранспортларни тадбиркорлар – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланилиши, 2021 йил 1 июлга қадар автотранспортларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилиши, 2021 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларга чиқадиган транспортлардан ташқари барча транспортларга техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилиниши белгиланди.
Транспортлар қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:
тижорат асосида йўловчилар ташувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспортлар ва уларнинг тиркамалари – бир йилда икки марта
ишлаб чиқарилганига 6 йилдан кўп бўлмаган транспортлар – икки йилда бир марта
ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспортлар – бир йилда бир марта
тиркамалар техник кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;
навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида.
Янги транспортлар ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказишда техник кўрикдан ўтказилмайди.
ЖАҲОНГИР АШУРОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси