Янгиликлар
Мактабгача таълим соҳаси янги босқичда
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай давлат ўз таьлим сифатини яхшиламай туриб, мамлакатни ривожланиш тенденцияси муқобиллигини таьминлаб беролмайди. Ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимизда ҳам таьлим сиёсатнинг муҳим йўналиш сифатида белгилаб қўйилган. Ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил апрелдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5071-сон Қарори қабул қилинди.
Қарордан кўзланган асосий мақсад, давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этган ҳолда ушбу тизимни жонлантириш ҳамда соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини оширишдан иборатдир.
Қарорга кўра, имзоланиб, молиялаштирилмасдан қолган 241 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари босқичма-босқич ажратилиши белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, кредитлар 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Бунда лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати, шу жумладан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми ўрганиб чиқилади ва уларнинг рейтинги шакллантирилади ва рейтинг асосида молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда лойиҳалар рўйхати тузилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, қарор билан Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан давлат шериги боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар бадали тўловларини тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаб беради.
ЖАҲОНГИР АШУРОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси