Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Компенсация машмашаси


Бухоро шаҳридаги Элобод кўчасида яшовчи фуқаро  Салим Ҳожиевнинг   шаҳар адлия бўлимига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, шаҳардаги Хўжа Нуробод кўчасида жойлашган 245,7 квадрат метрдан иборат савдо дўкони шаҳар ҳокимлигининг 2017 йил 23 июндаги “Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида “Ҳунармандлар шаҳарчаси ва усти ёпиқ бозор” қуришга рухсат бериш тўғрисида”ги қарорига асосан бузиб ташланган.

Лекин ўтган салкам 4 йиллик муддат давомида мулкдорга бузилган кўчмас мулки учун компенсация тўлаш ёки ер майдони ажратиш чоралари ҳам кўрилмаганлиги аниқланди.

Шу муносабат билан,  шаҳар адлия бўлими томонидан Бухоро шаҳар маъмурий судига даъво аризаси киритилиб, шаҳар ҳокимлиги зиммасига фуқаро С.Ҳожиевга олиб қўйилган ерга тенг миқдорда ер майдони ажратиш мажбурияти юклатилди.

Тадбиркор ҳам ҳақ-ҳуқуқини биладиган, ўзини-ўзи ҳимоя қила оладиган ишбилармонлардан  бўлиб, ўзига тегишли савдо дўкони биноси бузилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарни тегишли тартибда мустақил баҳоловчи идора томонидан 2017 йилдаёқ баҳолаб қўйганлиги   муаммони ечишга ёрдам берди. Шу асосда, тадбиркорнинг кўчмас мулки бузилиши билан кўрган бошқа зарарлари қопланмаганлиги туфайли,  шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига киритилган даъво  асосида суднинг ҳал қилув қарори билан дастлаб 98 миллион 996 минг 800 сўмлик,  кейин адлия бўлимининг киритган апелляция шикояти асосида, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича апелляция инстанциясининг ажрими билан   Бухоро шаҳар ҳокимлигидан компенсация тариқасида жами 315 миллион 232 минг 177 сўм ундирилиши белгиланди.

Хусусий мулк дахлсиз. Гарчи тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланган бўлса-да, наҳотки, мутасаддилар  бу масалани шу пайтгача ҳал қилиш имкониятига эга бўлмаган бўлсалар, деган  ҳақли савол туғилади. Суд қарори билан шаҳар ҳокимлигидан  компенсациядан ташқари, эндиликда давлат божи учун 12 миллион 562 минг 936 сўмлик маблағ ҳам ундириладиган бўлди. Афсуски,  масъуллар бу ҳақда ўйлаб кўрмаганга ўхшайди.

 Абдураҳимхўжа БАФАЕВ,


Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи