Янгиликлар
Маҳаллий ҳокимликлар ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарларининг бош мутахассисларини ўз соҳавий йўналишлари бўйича билим, малака ва кўникмаларини ривожлантиришлари юзасидан топшириқлар берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятда қуйи бўғин раҳбарлари, яъни туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарларининг бош мутахассисларига вилоятдаги соҳавий олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари, давлат органлари ва ташкилотларидан малакали амалиётчи мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Бугун, 18 май кунидан бошлаб 5 кун муддат давомида Бухоро давлат университетида туман, шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларининг бош мутахассисларига 60 cоатга мўлжалланган ўқув машғулотларига старт берилди.
Ўқув-машғулотлари профессор-ўқитувчилар томонидан соҳа бўйича янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларни жойларда татбиқ этиш, илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш, тингловчиларнинг ҳам касбий ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантириш йўналишида олиб борилади. Ўқув-машғулотлари шунингдек, вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг малакали ходимлари томонидан ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ўқув-семинарларга ажратилаётган давлат бюджетидан сарф харажатларни минималлаштирган ҳолда эндиликда ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларни ҳудуднинг ўзида етакчи олий таълим муассасаларини жалб этган ҳолда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.
Бу каби малака ошириш курслари жорий йилнинг май ойи давомида барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги қуйи бўғин раҳбар ходимлари учун ташкил этилиши режалаштирилган.