Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Эндиликда қарорлар "E-qaror" электрон тизими орқали имзоланади


  Мамлакатимизда ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан оширишга, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига таъсирини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларни қабул қилиш фаолиятини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш орқали жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорга асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — «E-qaror» 2021 йилнинг январь – май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши, 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида «E-qaror» электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланган.

Шунга кўра, «E-qaror» электрон тизимида ишлашнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш мақсадида Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан соҳа бўйича тегишли масъуллар иштирокида ҳар бир ҳудудда семинар-тренинглар ташкил этиб борилмоқда.

Ана шундай ўқув-семинарлардан бири жорий йилнинг 31 май куни Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоят ҳокимлигида ўтказилиб, тренинг давомида мутасаддиларга қарорларни «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилишни ташкил этишга кўмаклашиш чоралари кўрилди.

Дарҳақиқат, «E-qaror» электрон тизимини ишга тушириш орқали ҳар бир қабул қилинаётган қарорнинг қонунийлигини қатъий назоратга олиш имкони яратилиб, ушбу жараёнда шаффофлик ва ошкоралик принциплари тўлиқ таъминланади ҳамда ҳар бир қарор бевосита жамоатчилик назоратида бўлади. Қарорларни келишиш, уларни рўйхатга олиш, рақамлаш барчаси электрон амалга оширилиб, қоғоз сарфи камаяди.

Айни пайтда бу каби семинар-тренинглар вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликларида давом эттирилмоқда.

Бекзод Нишонов,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи