Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича амалга оширилган тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш натижалари


Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига кўра, ҳудудларда Адлия вазирлигининг тегишли ҳудуд адлия органлари давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни, бу фаолиятга услубий раҳбарлик қилиш ҳамда уни назорат қилишни амалга оширади.

Шунга кўра ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низомга биноан, адлия органлари ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш бўйича бошқарма томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги фаолияти мувофиқлаштирилиб, уларга тарғибот тадбирларини ташкил қилиш масаласида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бинобарин:

I.Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида:

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2021 йилнинг I ярим йиллиги давомида жами 37 408 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, шундан оммавий ахборот воситаларида 10 390 маротаба, 18594 маротаба жойлардаги оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳамда 8424 маротаба кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этади.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган тарғибот материаллари тўпламлари (аннотация, слайд, инфографика, видеоролик) бошқарма томонидан тегишли вилоят ташкилотларига етказиб борилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида мунтазам равишда бошқарма ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилган курслар ўтказилди.

Жумладан, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ва вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни имзоланган “Жамиятда конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга тушунтириш бўйича Халқ депутатлари вилоят кенгаши билан ҳамкорлик режаси”га биноан “Адлия - депутатга кўмакдош” шиори остида тизимли равишда Халқ депутатлари вилоят кенгаши ва вилоят партия ташкилотлари вакиллари учун ҳудудлар кесимида жами 9 маротаба ўқув-семинари курслари ўтказилди.

Шунингдек, Ёшларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини ўргатиш мақсадида Бухоро вилояти юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Street Law” ва “Адолат қанотлари” тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, бир қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилнинг 30 март куни Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” қошидаги “Фавворалар майдони”да вилоят даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотлар масъуллари иштирокида “Адлия сайли” тадбири ўтказилиб, тадбирда вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” клуби аъзолари томонидан “Street law” лойиҳаси доирасида ёшлар ва аёлларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат соҳасидаги муносабатлар, меҳнат мигранлари ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ва микроқарзлар олиш тартиби, коммунал соҳадаги муносабатлар, алимент, уй-жой олиш ва ер ажратилиши тартиби, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-тарож каби жиноятларнинг салбий оқибатларини намоён этишга қаратилган жами 1000 дан ортиқ флаер, буклетлар тадбирда ташриф буюрган фуқароларга тарқатилди. Шунингдек, тадбирда ташриф буюрувчиларнинг ҳуқуқий соҳада хабардорлик даражасини билиш ва уларни соҳага қизиқтириш мақсадида “Ҳуқуқингизни биласизми?” совал-жавоб шаклидаги викторина ўйини ташкил этилиб, совриндорлар турли эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 28 май куни аҳолини ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни ҳуқуқ соҳасидаги ахборотлардан етарли даражада хабардор қилиш мақсадида «Street law» (Кўча ҳуқуқи — оддий ҳуқуқ) лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳрининг аҳоли гавжум нуқталарида “Ватан тақдири - менинг тақдирим” шиори остида тарғибот тадбири амалга оширилиб, унда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларга берилаётган имтиёзлар, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда президент саёловига оид қонунчилик хусусида тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантириш, қонун бузилиши ва коррупция ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари ҳамда коллежлар ва техникумлар ўқувчилари ўртасида “Ёшлар ва қонун” республика ҳуқуқий танловининг туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичлари ўтказилди. Танлов жорий йилнинг май ойида ўтказилиб, мазкур босқичларда 600 га яқин таълим муассасаларидан 4 мингдан ортиқ ўқувчи - ёшлар иштирок этиб, танлов якунига кўра 1-ўринни Ромитан туманининг “Демократия”; 2-ўринни Ғиждувон туманининг “Келажак ёшлари”; 3-ўринни Когон шаҳрининг “Адолат элчилари жамоалари эгаллаб, ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар ва турли эсдалик совғалари билан тақдирланиб, 1-ўрин соҳибига республика босқичига иштирок этиш учун йўлланма берилди.

Маҳаллаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиш ва таҳлил натижасига кўра манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳиятини етказиш мақсадида адлия органлари томонидан манзилли тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун уй-жойлар қуриш ҳамда кредит бўйича қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш мақсадида жорий йилнинг 22 апрель куни "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ва Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Ғиждувон туманида "Ҳуқуқий маслаҳатлар куни" акцияси ташкил этилди. Акцияда, дастлаб мутахассислар томонидан аҳолига бугунги кунда эҳтиёжи юқори бўлган муҳим масалалар жумладан, имтиёзли уй-жой сотиб олиш, имтиёзли кредит, ижтимоий ёрдам пуллари ва шу каби масалалар хусусида умумий тушунчалар берилди.

Мазкур акцияда туманнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 100 дан ортиқ фуқаролар иштирок этган бўлса, шунингдек 21 нафар тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этдилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 29 апрель куни Бухоро шаҳридаги “Жўйзар” соғломлаштириш маркази санаториясида хотин-қизларни ҳуқуқий психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида сайёр қабул ташкил етилиб, қабул давомида адлия ходимлари томонидан аёлларга бугунги кунда эҳтиёжи юқори бўлган муҳим масалалар хусусан, имтиёзли уй-жой сотиб олиш, моддий ёрдам пуллари олиш тартиби ва бошқа шу каби масалалар хусусида умумий тушунчалар берилди.

Ногиронлиги бўлган шахслар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, чин етимлар учун қонунчиликда берилган имтиёзларни тушунтириш мақсадида жорий йилнинг июнь ойи мобйнида вилоят адлия бошқармаси бошчилигида туман ва шаҳар адлия бўлимлари иштирокида Бухоро шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун “Мурувват” интернат уйида ҳамда 32-сонли “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланувчилар учун “Мурғак қалб” акцияси доирасида манзилли тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, акция мобайнида ижтимоий ҳимояга оид қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ёритишга қаратилган тарғибот материаллари ва эсдалик совғалари тарқатилиши таъминланди.

Ҳуқуқий ахборотни фуқароларга тезкор етказиш мақсадида барча давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини жалб қилган ҳолда Телеграмм ижтимоий тармоғида “Қонунчиликдаги янгиликлар” гуруҳи очилган бўлиб, ушбу телеграм каналда мунтазам равишда янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари юзасидан маълумотлар жойлаштириб борилмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида бошқарманинг телеграмм мессенджерида ҳаволаси очилиб, у орқали фуқароларнинг масофадан туриб йўллаган саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўладиган муҳим ҳуқуқий масалалар бўйича Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Ҳаётий муҳим масалалар” номли қўлланма адлия ходимлари томонидан кенг аҳолига тарғибот тадбирлари давомида тарқатилди.

II. Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар ҳолати:

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида 2021 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлари сўров хатлар юбориш орқали олинган маълумотлар асосида таҳлил қилинди.

Таҳлил натижаларига кўра, вилоятда Бухоро вилоят прокуратураси, СЭОЖС вилоят бошқармаси, Бухоро давлат университети, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича кенг тарғибот тадбирлари амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга, аксарият давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ўз соҳа фаолиятларига доир қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш ишларига етарли даражада эътибор берилмасдан келинмоқда.

Соҳа фаолиятиги оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарғиб қилиш, ҳуқуқий тарғибот бўйича чора-тадбирлар режалари бўйича:

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи ва (ёки) ишлаб чиқувчи органлар ушбу ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин бир ҳафталик муддатда ҳуқуқий тарғибот бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши кераклиги белгиланган бўлсада, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив тусдаги қарорларни аҳоли ва ижрочиларга етказиш борасида чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилмаган.

Бухоро вилояти ДСБ томонидан берилган маълумотларга кўра жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида атиги 3 та соҳа фаолиятига оид НҲҲ тарғиб қилинганлиги маълум қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2021 йилдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ВМҚ-1-сон қарорининг 4-бандида солиқ органлари томонидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиб бориш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 24.04.2021 йилдаги СҚ-286-IV-сон Қарорига асосан солиқ органлари бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш истагидаги тадбиркор аёллар учун божхона ва солиқ имтиёзлари, преференциялар ҳақида доимий равишда семинарлар ташкил этиб бориши белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2021 йил 15 апрелдаги 2021-20-сон қарори мазмун - моҳияти ҳудудда аҳоли эътиборига етказиш борасида тарғиб қилинмаган.

Бухоро вилояти Бандлик бош бошқармаси томонидан берилган жавоб хатига биноан ташкилот томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида янги қабул қилинган НҲҲларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 04.06.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги ЎРҚ-692-сон қонунида бандлик органлари томонидан бошқа ташкилотлар билан биргаликда Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сон қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг тарғиб қилинмаган.

Бухоро вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан берилган жавоб хатига биноан ушбу ташкилот томонидан жамоатчиликга еткизилиши зиммасига юкланган янги НҲҲлар бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилмаганлиги маълум бўлди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 01.04.2021 йилдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-680-сон қонунида мазкур қонун ҳужжатини қишлоқ хўжалиги органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаши аниқ ва равшан қилиб белгилаб қўйилган бўлсада Бухоро вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан ушбу конун ҳужжати юзасидан тарғибот тадбирлари амалга оширилмаган.

Бухоро вилояти Молия бош бошқармаси томонидан ҳам 2021 йил 6 ойлиги давомида қабул қилинган НҲҲлар етказиш тизимли равишда ташкил этилмаган.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг 25.02.2021 йилдаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги ЎРҚ-677-сон қонунининг 53-моддасида ушбу қонунни ижрочиларга етказиш ҳамда мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш белгилаб қўйилган бўлсада, ташкилот томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш чоралари кўрилмаган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Бухоро вилоят бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.03.2021 йилдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 122-сон Қарори юзасидан тарғибот тадбирлари амалга оширилмаган.

Юқоридагилар каби камчиликлар Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, ДХА вилоят бошқармаси, Архив иши вилоят бошқармаси, вилояти Давлат статистика бошқармаси, вилоят Ғазначилик бошқармаси, вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси, Давлат активларини бошқариш Агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси, МИБ вилоят бошқармаси, АОКА вилоят бошқармаси, “Бухоронома” ДУК, “Бухоро” МТРК ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармасининг тарғибот соҳасидаги фаолиятида ҳам такрорланган.

Ҳуқуқий тарғиботнинг самарали усулларидан фойдаланиш бўйича:

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий тарғибот йўли билан тарқатишнинг самарали усулларидан бири сифатида телевидение ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиш, плакатлар, буклетлар ва флаерлар тайёрлаш ҳамда тарқатиш белгиланган.

Шунингдек, мамлакатда ҳозирги кунда карантин чекловлари жорий қилинган шароитда тарғибот тадбирларини онлайн тарзда телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиб амалга ошириш зарур бўлсада, бу борада айрим ташкилотлар томонидан етарли даражада тадбирлар ташкил этилмаган.

Хусусан, вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Давлат активларини бошқариш Агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоят Ғазначилик бошқармаси, Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси томонидан тақдим этилган маълумотларга биноан жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида бирор маротаба ҳам телевидение, радио ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот тадбирлари ташкил этилмаган.

Шунингдек, Давлат активларини бошқариш Агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоят Ғазначилик бошқармаси, Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси, вилоят Давлат статистика бошқармаси томонидан кўргазмали (буклет, инфографика) тарғибот материаллари тайёрланмаган.

Амалга оширилган тарғибот тадбирлари юзасидан етарли маълумотлар тақдим этилмаслиги бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги 342-сон “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида адлия органлари ҳуқуқий тарғибот тадбирларини мониторинг қилиш доирасида масъул давлат органлари ва ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган сўровнома юбориши, давлат органлари ва ташкилотлари сўровнома олинган кундан эътиборан 10 кун ичида тегишли материалларни илова қилган ҳолда жавоб хатини адлия органларига юбориши белгиланган.

Бироқ, вилоят ИИБ ЙҲХБ, вилоят Халқ таълими бошқармаси, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси, вилоят Қурилиш бош бошқармаси, вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, "Тоза ҳудуд" ДУКнинг вилоят филиали, Ёшлар ишлари агентлигивилоят бошқармаси томонидан шу кунга қадар амалга оширилган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар вилоят адлия бошқармасига тақдим этилмади ва шунга кўра уларнинг соҳа фаолиятига оид айнан қайси қонун ҳужжатлари бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилган ёки ўтказилмаганлигини таҳлил қилишнинг имкониятини бўлмади.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни баҳолаш юзасидан:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги 342-сон “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари қуйидагича баҳоланди:

а) маҳаллаларда ўтказилган манзилли тарғибот тадбирлари бўйича:

- 11 та давлат органлари ва ташкилотлари юқори даража;

- 3 та давлат органлари ва ташкилотлари ўрта даража;

- 4 та давлат органлари ва ташкилотлари қониқарли даража;

- 19 та давлат органлари ва ташкилотлари салбий даража.

б) тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган манзилли тарғибот тадбирлари сони бўйича:

- 10 та давлат органлари ва ташкилотлари юқори даража;

- 2 та давлат органлари ва ташкилотлари ўрта даража;

- 8 та давлат органлари ва ташкилотлари қониқарли даража;

- 17 та давлат органлари ва ташкилотлари салбий даража.

в) давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналлари фойдаланувчилари бўйича:

- 14 та давлат органлари ва ташкилотлари юқори даража;

- 3 та давлат органлари ва ташкилотлари ўрта даража;

- 2 та давлат органлари ва ташкилотлари қониқарли даража;

- 18 та давлат органлари ва ташкилотлари салбий даража.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маҳаллаларда ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган манзилли тарғибот тадбирлари 2020 йилнинг 6 ойлигига нисбатан сезиларли даражада ошган.

г) адвокатлар томонидан маҳаллаларда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилиши бўйича қониқарли даража деб баҳоланди.

д)«Street law» («Кўча ҳуқуқи» — оддий ҳуқуқ) дастури доирасида таълим муассасаларида тадбирлар ташкил этилиши бўйича ўрта даража деб баҳоланди.

е) Оммавий ахборот воситалари ҳуқуқий мавзуларни ёритувчи ижодий ходимларининг малакаси оширилиши даражаси бўйича жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида мавжуд 100 нафар ОАВ ходимининг 30 нафар ходими малака оширилиши таъминланиб, юқори даража сифатида баҳоланди.

Ҳуқуқни тарғиб қилишга доир кўргазмали тарғибот материаллари тайёрлаш, ҳуқуқий саводхонликни оширишга доир ижтимоий-ҳуқуқий тусдаги видеороликлар яратиш, давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналлари фойдаланувчиларининг сонини ошиши, ҳуқуқий мавзуларни ёритувчи электрон сайтлар аудиториясининг кенгайиши бўйича индикаторлар юзасидан амалга оширилган ишлар қониқарли даражали деб баҳоланди.

Жаҳонгир Ашуров,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси