Янгиликлар
Адлия аралашгач бир гуруҳ фуқароларга компенсация пуллари тўлаб бериладиган бўлди
Когон туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар ўзларига тегишли бўлган савдо дўконлари маҳаллий ҳокимлик томонидан ноқонуний тарзда буздирилиб, ер участкалари олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, бузилган савдо дўконлари учун компенсация ундириб бериш ва савдо дўконларига тенг миқдорда ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб Когон туман адлия бўлимига мурожаат қилдилар.
Мурожаатлар туман адлия бўлими ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, Бухоро вилояти ҳокимининг 22.05.2017 йилдаги “Бухоро вилоятидаги “Етти пир” зиёратгоҳи мажмуаларидан “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуасини қайта реконструкция қилиш ҳақида”ги фармойиши ва Когон туман ҳокимлигининг 03.08.2017 йилдаги қарорига асосан мазкур ҳудудда замонавий лойиҳалар асосида марказий автотураргоҳ ва миллий ҳунармандчилик расталари қуриш учун мазкур бино-иншоот буздирилган бўлсада, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда ер эгасининг розилиги олинмаганлиги ва ердан фойдаланувчи ҳамда ижарага олувчи билан келишув бўйича тегишли равишда туман ҳокимининг қарори чиқарилмаганлиги аниқланди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг вақт бўйича амал қилиши белгиланган бўлиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар унинг матнида бошқача изоҳ берилмаган бўлса, муддатсиз амал қилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш муддати бутун ҳужжат учун ёки унинг қисмлари учун белгиланиши мумкинлиги, бундай ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёхуд унинг қисми қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши кераклиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомда(ўша вақтда амалда бўлган) ер участкаси ёки унинг бир қисмини (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича — тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ўша вақтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги ҳамда фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши белгиланган бўлсада, туман ҳокимлиги томонидан мулкдорлар хабардор қилинмаган ва тенг қийматли янги ер участкаси ҳам компенсация ҳам берилмаган.
Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 28 декабрь куни туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган бўлсада, ҳокимлик томонидан мулкдорларга тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш масалалари ҳал қилинмади. Шундан сўнг, туман адлия бўлими томонидан мулкдорларнинг манфаатини кўзлаб, уларга тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида ФИБ Когон туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Киритилган даъво аризага биноан, суднинг тегишли ҳал қилув қарори қабул қилиниб, даъво аризалари қаноатлантирилиб, мулкдор фуқаролар фойдасига жавобгар Когон туман ҳокимлигидан компенсация ва бошқа харажатлар учун жами 429 млн 587 минг 859 сўм ундирилиши ва буздирилган савдо дўконлари ер майдонига тенг ер участкаси ажратиш мажбурияти юкланди.
Ҳабиб ҚОРЁҒДИЕВ,
Когон туман адлия бўлими бошлиғи