Бугун, 3 август куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ZOOM платформаси орқали ташкил этилиб, унда вилоятдан сайланган Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар-туманлар ҳокимлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, бошқарма ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, жорий йил 23 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида вилоят, шаҳар-туманлар ҳокимларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қоуний тартибда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича аҳолига мурожаат йўллаши белгилаб берилган эди. Шунга кўра, сессия ишида дастлаб вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро халқига мурожаат қилди.
Шундан сўнг кун тартибидан ўрин олган вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиевнинг ахбороти ҳамда вилоятда инвестицияларни жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ризо Асадов депутатлар олдида ҳисобот берди.
Кун тартибидаги тўртинчи масала юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Тўлқин Очилов сўзга чиқиб, вилоятда норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати юзасидан ахборот берди.
Маълум қилинишича, давлатимиз раҳбарининг адлия органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Фармон ва Қарорларида адлия органларини ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш назарда тутилган бўлиб, мазкур вазифалар ижроси юзасидан вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг I ярим йиллиги мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 23 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлиб, уларнинг 22 таси қонунчиликка мувофиқ деб топилган, 1 таси эса қонунчиликка номувофиқлиги сабабли қайтарилган. Бошқарма томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобига олинган. Ҳисобот даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари расмий нашрларда эълон қилинди.
Норматив тусдаги қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Хусусан, 2 та ноқонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги аниқланиб, тақдимномалар асосида бекор қилинди.
Ҳуқуқни қўллаш соҳасида жами 6 та идоралар фаолияти ўрганилди. 15 та идораларнинг статистик ҳужжатлари, шунингдек, 83 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинди. Шундан 83 та қонун ҳужжатларининг ижроси таҳлил қилиниб, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида 7 маротаба вазирликка таҳлилий маълумотлар киритилди.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига жорий йилнинг I ярим йиллиги мобайнида 1660 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 1480 таси ҳал этилган бўлиб, шундан 823 та мурожаат ёки 56 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 657 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 124 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 431 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 96 та таклиф ва 1372 та огоҳнома киритилган.
Киритилган тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 161 тани ташкил қилган, 90 та шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда қолдиқдаги 32 та тақдимнома ва 6 та маъмурий таклифлар тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Сессияда вилоятда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳолати юзасидан Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Қайим Холовнинг ҳам ҳисоботи эшитилди.
Шунингдек, йиғилишда 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Бухоро ҳарбий-маъмурий секторини ривожлантириш жамғармаси маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши тўғрисидаги, Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги, вилоят ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижросининг ҳолати тўғрисидаги, “Фахрий мураббий” ордени билан мукофотлашга киритилган номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги ҳамда сессия ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими