Янгиликлар
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш - қонун устуворлигини таъминлаш гарови!
Маълумки, мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб келмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган инсонлар, биринчи навбатда, раҳбар ходимлар, фуқароларнинг қонунларни пухта билиши, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳитни яратиш ғоят муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси ва Қоровулбозор туман адлия бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 3 август куни Қоровулбозор туманида Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сонли “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармоннинг ижроси юзасидан тегишли ташкилотлар ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида семинар ўтказилди.
Мазкур тадбирда Қоровулбозор туман давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда адлия ходимлари томонидан иштирокчиларга жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг вазифаларидан ҳисобланиши қайд этилди.
Шунингдек, ходимларга тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5168-сон Қарори мазмун-моҳияти юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими