Янгиликлар
Умед бобони 16 йил сарсон қилган ҳоким қарори бекор қилинди
БУХОРО шаҳридаги Чўлпон кўчаси 7-уйда яшовчи фуқаро Умед Бозоров Республика Кўчмас мулк биржаси Бухоро филиалининг 2005 йил 16 августдаги гувоҳномаси ҳамда олди-сотди шартномаси асосида, шаҳарнинг “Газли” шоҳкўчасида жойлашган умумий ер майдони 3407,4 квадрат метр бўлган маъмурий ва ёрдамчи бинони сотиб олган. Бу жойни 2005 йил 16 сентябрда шаҳар Ермулккадастр хизмати орқали расмийлаштирган.
Лекин 2011 йилда мазкур ҳудудда ободонлаштириш ишлари бошланиб, ушбу ер майдонини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳақида шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинмасдан ва мулкдор У.Бозоров ёзма равишда огоҳлантирилмасдан, 792 квадрат метрлик маъмурий бинонинг ер майдони олиб қўйилиб, кўп қаватли уй-жой қурилиши учун ажратилган.
Шундан сўнг, ҳокимият қистови билан қайта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Бухоро шаҳар ҳокимининг 2011 йил 27 июлдаги “Ер майдонини бириктириш тўғрисида”ги 825-сонли қарори асосида 3407,4 квадрат метр ўрнига 2694,4 квадрат метр ер майдони У.Бозоровга бириктирилиб, шу асосда 2011 йил 5 сентябрда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати Бухоро филиали томонидан гувоҳнома расмийлаштирилган.
Мулкдорнинг йиллар давомида ҳокимият ва бошқа мутасадди идораларга бир неча маротаба қилган мурожаатига жавоб хатлари берилган бўлса-да, бироқ компенсация тўловини амалга ошириш чоралари кўрилмаган.
Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан мазкур муаммо ўрганилиб, мулкдор У.Бозоровга хусусий мулк сифатида тегишли бўлган маъмурий ва ёрдамчи бино ер майдонининг олиб қўйилганлиги боис, мулкдорга белгиланган тартибда реал компенсация тўловини амалга ошириш чорасини кўриш юзасидан 2020 йил 27 октябрда шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритилган. Мазкур масала ҳокимликда муҳокама қилинган бўлишига қарамасдан, амалда эса, реал компенсация тўлаш чораси кўрилмаган.
Натижада шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига шаҳар ҳокимлигидан фуқаро Умед Бозоров фойдасига компенсация тариқасида олиб қўйилган ер майдонига тенг жой ажратиб бериш юзасидан даъво аризаси киритилди.
Суд мажлиси давомида даъво талаби ўзгартирилганлиги ва ҳақиқий муаммо ҳокимнинг 2011 йил
27 июлдаги “Ер майдонини бириктириш тўғрисида”ги 825-сонли қарорида эканлигидан келиб чиқиб, ушбу қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш талаби қўйилди. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарори билан шаҳар ҳокимининг У.Бозоровнинг мулкий ҳуқуқларини чекловчи юқоридаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилиб, саксон ёшли отахоннинг ҳуқуқлари тикланиб, ўн олти йиллик муаммо ижобий ҳал этилди.
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ,
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи