Янгиликлар
Тадбиркорнинг савдо дўконлари буздирилган, бироқ...
Олот туманида яшовчи фуқаро А.Ғайбуллаева марҳум турмуш ўртоғи А.Рўзиевга тегишли савдо дўконлари Олот туман ҳокимлиги томонидан буздирилганлиги сабабли ҳозирги кунга қадар компенсация тўланмаётганлигидан норози бўлиб вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.
Мурожаат вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилганда, “Олот дехқон бозор” МЧЖнинг қайта реконструкция қилиниши муносабати билан марҳум А.Рўзиевга тегишли бозор ҳудудида жойлашган жами 59 кв.метрдан иборат 2 та савдо дўкони 2018 йилда Олот туман ҳокимлиги томонидан буздирилиб, ушбу дўконлар жойлашган ер майдонлари олиб қўйилганлиги бўлсада, мулкдорга компенсация тўланиши масаласи бугунги кунга қадар ҳал этилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича - тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши, 8-бандига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари: жумладан, фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш; бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш; ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш; фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш; янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш йўли билан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-336-сонли Қонунинг 7-моддасига асосан мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилиши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан, вилоят адлия бошқармаси томонидан мулкдорнинг манфаатини кўзлаб, унга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Шунга биноан, суднинг тегишли ҳал қилув қарори қабул қилиниб, мулкдор фойдасига жавобгар Олот туман ҳокимлигидан компенсация харажатлари учун жами 126 миллион 840 минг 981 сўм ундирилиши белгиланди.
Анвар РЎЗИЕВ,
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси