Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Матбуот анжумани бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 2 август куни вилоят Адлия бошқармасида адлия ходимлари томонидан «Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситаси вакиллари ва нодавлат ҳамда давлат ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этган мазкур анжуманда маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6247-сон Фармони ҳамда 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5168-сон Қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

Хусусан, дастлаб маърузачилар ПФ-6247-сон Фармонига тўхталиб, унга кўра барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик 33 турдаги маълумотлар рўйхати тўғрисида ахборот берди.

Шунингдек, Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни ҳар йили:

 1 мартгача веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартгача уни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш ҳақида хабар бериши;

 1 апрелгача ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши кераклиги хусусида тушунтиришлар бериб ўтилди.

Тадбир давомида адлия ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5168-сон Қарори мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

Бинобарин, қарорга мувофиқ эндиликда Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг туман ва шаҳар ҳудудий бўлимлари ва туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларининг юридик хизмат кўрсатиш бўйича штатлари қисқартирилиб, 2021 йил 1 октябрдан ҳудудий адлия бошқармалар ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Марказ тегишли туман ва шаҳарлардаги жами 12 та давлат ташкилотлари юридик хизмат кўрсатиб, ташкилотларда юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча ҳаракатлар “E-huquqshunos” электрон тизими орқали амалга оширилиши белгиланди.

Қарорга кўра, Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотларнинг Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилишига йўл қўйилмайди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутасаддилардан жавоблар олишиб, қонунчиликда киритилган ўзгартириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Жахонгир АШУРОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси