Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Ҳокимликлардан 480 млн сўмдан ортиқ пул маблағини ундириш белгиланди


 Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 74-бандига мувофиқ, давлат хизматлари марказлари, прокуратура ва адлия органларига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан низом талабларига сўзсиз риоя этилиши бўйича тизимли назорат ва мониторингни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро вилоят Қурилиш бош бошқармасининг сўров хати ўрганилганда, 2020-2021 йилларда ҳисобида Шофиркон, Ғиждувон, Қоровулбозор, Когон, Олот, Жондор, Пешкў, Вобкент туманлари ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари томонидан юқоридаги Низомнинг 8-банди талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Низомнинг 7-бандида қурилиш органлари томонидан амалга ошириладиган ишларнинг қиймати, яъни архитектура ва режалаштириш топшириғини (кейинги ўринларда АРТ деб юритилади) ишлаб чиқиш учун — энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида белгиланиши, ушбу Низомнинг 8-бандида АРТни ишлаб чиқиш қиймати туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан АРТ ишлаб чиқилган кунда тўлиқ тўлаб берилиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 01/1-2631-сонли хатида туман ва шаҳарлар ҳокимлари уч кун муддатда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилиш органларига ишлаб чиқилган архитектура ва режалаштириш топшириғи учун энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари қийматида маблағ ажратиш бўйича фармойишни қабул қилиш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш топширилган.

Бухоро вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг 6 май кунига қадар жами 1768 та архитектура ва режалаштириш топшириғи (АРТ) тайёрланган бўлсада, бажарилган ишлар бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли тўловлар амалга оширилмасдан келинган.

Шулардан келиб чиқиб, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларидан тўланмаган маблағларни вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳисобига ундириш бўйича Ғиждувон туманлараро, Когон туманлараро, Қоракўл туманлараро, Ромитан туманлараро, Пешкў туманлараро, Бухоро туманлараро иқтисодий судларига даъво аризалар киритилди.

Киритилган даъво аризалар судлар томонидан кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарорларига асосан тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларидан жами 482 млн 484 минг сўм асосий қарздорлик суммаларини Бухоро вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳисобига ундириш белгиланди.

Анвар РАҲМАНОВ,
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси